Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Экология маликаси» — Наргис Қосимова эътироф этилди

«Экология маликаси» — Наргис Қосимова эътироф этилди

Фото: «Xabar.uz»

Халқимизнинг экологик маданияти энди-энди шаклланаяпти. Эсимда бундан уч йиллар олдин ekologuz телеграм каналида атиги 800 дан ортиқ обуначи бор эди. Бу ўша пайтлари бироз одамга тушкун кайфият бағишларди ҳам. Бугун кўриб турибмизки, бу телеграм каналида 12 мингдан ортиқ обуначи бор.

Бу — Ўзбекистон учун, қаерга чиқинди ташланса ўзини эмас, экологлар жавобгар деб ўйлайдиган жамият учун жуда катта натижа. Кўпгина экология билан боғлиқ муаммолар мана шу каналда чиққач, масъуллар ҳаракатга тушгани бор гап.

Мана шу телеграм канал туфайли журналистлар дарахтлар кесилиши, чиқинди ташланиши, ҳатто ҳайвонлар қийноққа солиниши билан боғлиқ кўплаб муаммоларни кўтариб чиқа бошлашди. Ва бу, озми-кўпми ўз натижасини бераяпти.

Демак, аҳолининг экологик онги, маданияти ошмоқда. Бунга албатта экофаол журналист Наргис Қосимованинг хизмати катта. Эсимда яқингинада ўзи талабаларга таълим бераётган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида «экология» фанини дарс жадвалига киритиш учун қанча елиб-югургани. Эсимда худди экология муаммоси фақат шу аёлга тегишлидек, рухсат берадиган мутасаддиларнинг Наргис Қосимовани овораю сарсон қилгани.

Бугун, 30 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида «Экология мавзусига доир энг яхши мақолалар» танловида Наргис Қосимова «Унутилмас тўрт кун... ёхуд қорақалпоқ экоинспекторларининг хавфли фаолияти билан танишув» мақоласи ва бошқа экология мавзусига оид долзарб журналистик материаллари учун 1-ўринни қўлга киритди.  

Қорақалпоғистонга борганимизда йўл-йўлакай чўлга ташлаб кетилган елим халталарни, идишларни, баклашкаларни машинадан тушиб ҳар қадамда териб юргани, энг олдиндаги машинага ўтириб бошқа машиналар йўлдан чиққан тошбақами ёки бошқа бирон жонзотми, ўтми, гулми босиб кетмаслиги учун ҳай-ҳайлаб тургани эсимда. Наргис Қосимова қалби дарё инсон, ҳаммага меҳрибонлик қила олади, аммо унинг энг катта душмани — дарахтга озор берган, ҳайвонни қийнаган, дуч келган жойга чиқинди ташлаган, сувни аёвсиз ишлатган одам.

Наргис Қосимова қаерга борса, йўл-йўлакай ҳайвону қушларни боқиб кетаверади, қаерга борса экологик муаммоларни гапиради, ечимини ўйлайди. Бугун ўзига сўз берилганда барча экофаоллар олдига яна бир вазифани кўндаланг қўйди: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 2023/2024 ўқув йилидан «экология» йўналиши очилишини ва талабалар қабул қилиш масаласини кўтариб чиқди. «Менга экология соҳасида йўналиш очишга ёрдам беришларингизни истайман, телевиденияда экология канали бўлсин. Эртаю кеч ҳайвонлар, ўсимликлар, тоза ҳаво ва экологик муаммоларни  кўрсатсин, болалар ва аҳоли табиат билан яқинлашсин» деди.

ОАВга навбати билан интервю бераркан, ҳар бирига университетда йўналиш очиш кераклиги, талабаларни экология соҳасига ихтисослаштириб ўқитиш талабини, таклифини қайта-қайта таъкидлади.

Эски йил билан хайрлашиш онларида бу йилги эсимда қолгани Қорақалпоғистонга уюштирилган саргузаштларга бой пресс-тур ва Наргисдек экожонукуяр билан яқиндан танишганим бўлди.

Ўзбекистон журналистларини экология муаммоларини ёритиш учун бирлаштира олган, атрофида табиатсевар, ҳайвонларга муҳаббатли шогирдларни кўпайтираётган Наргис Қосимовани« Хабар» жамоаси ҳам табриклайди. Янги йил экология соҳасининг янада ривожланиши учун катта эшикларни очадиган қутлуғ йил бўлиб келишига ишонамиз.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг