Эко-фаол ёшлар экологияга оид муҳим лойиҳаларини тақдим этишди
10 август куни Шаҳрисабзда «Ёшлар - келажак бунёдкорлари!» III экология ва туризм халқаро қурултойи доирасида «Энг яхши экологик лойиҳа» танлови ўтказилди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан 18-30 ёшгача бўлган эко-фаоллар ўзларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳалари билан иштирок этди.
Танлов давомида «Ecoland», «Anti-WASTE», «10 та дарахт - битта китоб», «Эко молекула», «Фарғона водийсидаги ирригация ва мелиорация тармоқларини сунъий йўлдош ва GPS навигаторидан фойдаланиб, сув сарфининг олдини олиш ва ер унумдорлигини яхшилаш», «Ўзбекистон оқар сувларини тозалашга инқилобий ёндашув», «Eco лаборатория», «Batareyka.uz» ва бошқа экологияни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳалар иқлим ўзгаришини яхшилаш, биохилма-хилликни сақлаш, юртимизда яшиллик даражасини ошириш учун дарахт экишни кўпайтириш ва бу жараённи соддалаштириш, чиқиндиларнинг экотизимларга зарарини камайтириш, жумладан, батарейкаларни утилизация қилиш, қайта ишлаш ва бошқа муҳим мақсад ва вазифаларни қамраб олган.
Танлов ғолиблари қурултой якунида эълон қилинади ва муносиб тақдирланади.
Маълумот учун, мазкур танлов анъанавий тарзда ҳар йили «Ёшлар келажак бунёдкорлари» қурултойи доирасида ўтказилади. Мақсад ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни экология соҳасига кенг жалб этиш, ёшларнинг экология соҳасидаги истиқболли гоялари ва лойиҳаларини амалга оширишдир.
«Ёшлар - келажак бунёдкорлари!» III экология ва туризм халқаро қурултойи 13 августгача давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter