Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаслик Фирдавс Абдуҳолиқовга 8.1 миллион сўмга тушди
Кеча Чилонзор жиноий ишлар бўйича судида Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқовнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ иши кўриб чиқилди.
Унга кўра Фирдавс Абдуҳолиқов эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви имкони борлиги тўғрисида молия вазирлигини огоҳлантирмаганликда айбдор деб топилиб, унга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8- моддаси 4 қисмига биноан 30 БҲМ миқдорида жарима белгиланди.
Илгарироқ Абдухолиқов яқин қариндошларига тегишли телеканал билан ҳамкорликда сериал суратга олганлиги жамоатчилик эътиборига тушган эди.
Нега жазо бунча юмшоқ? Блогер Шаҳноза Соатова масалага эътибор қаратди.
Судда маълум бўлишича, Кинематография агентлиги нафақат «Севимли» телеканали билан балки «ЗўрТВ», «Менинг юртим» телеканаллари билан тенг қийматда сериаллар олиш бўйича ҳамкорлик қилган. Эътиборли жиҳати, ушбу лойиҳалар шерикчилик асосида амалга оширилган. Яъни 50 фоизни пулни агентлик тиккан бўлса қолган ярмини телеканаллар қўшган. Абдуҳолиқов бунга инвестицион лойиҳа сифатида қарагани ва сериаллар суратга олиш бўйича бюджетни икки карра иқтисод қилишни мақсад қилганини маълум қилган. Лекин янги қонунчиликка кўра эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида молия вазирлигини огоҳлантирмаган.
Ҳозирги кунда «Севимли» телеканали томонидан «Тузоқ» сериали учун агентлик қўшган ҳисса бюджетга қайтарилган.
Адвокат бу вазиятда бюджет пуллари мақсадсиз сарфланмагани, пуллар қайтарилгани, бошқа каналларга ҳам тенг имконият берилгани ва инвестицион лойиҳа эканлигини суддан инобатга олишларини сўраган.
Албатта, манфаатлар тўқнашуви ростдан борга ўхшайди, бироқ Президент қарорида «телеканал аудиторияси ва рейтингини ҳисобга олган ҳолда» деган шартни инобатга олсак, «Севимли»нинг бу рўйхатга кириши табиийдек. Фақат манфаатлар тўқнашуви тўғрисида огоҳлантирилмаган ва шу учун ҳам Ф.Абдуҳолиқов жавобгарликка тортилди.
Нима бўлганда ҳам Абдухолиқов молия вазирлигини огоҳлантириши зарур эди. Ушбу кейс Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви билан гумонланиб, жаримага тортилган илк мансабдор сифатида прецедент бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter