ДХХ ходимлари куни бошқа санага кўчирилди
Сенат ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Мазкур қонунда 26 сентябрь кунини ДХХ ходимлари куни сифатида белгилаш назарда тутилмоқда.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг тарихи аслида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 26 сентябрда қабул қилинган ПФ–265-сонли Фармонига бориб тақалади.
Президент Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йилнинг 5 апрелида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Ҳужжат билан хизмат фаолиятининг мустаҳкам қонуний асослари яратилиб, зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар белгиланди.
Шу сабабли 2018 йил 2 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида 5 апрель – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг касб байрами этиб белгиланган эди.
Бугунги кунда 5 апрель санасини Давлат хавфсизлик хизмати куни сифатида нишонлаш (Хизматнинг 30 йиллиги) хавфсизлик идораларининг фаолият юритишини ҳисоблашда қарама-қаршиликни келтириб чиқармоқда. Чунки ўтган йиллар давомида (2006, 2011 ва 2016 йиллар) хизматнинг тантанали юбилейларига Давлат хавфсизлик хизматининг хорижий ҳамкорлари таклиф этилиб, уларга эсдалик нишонлари топширилган.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами нишонланганидан сўнг, 26 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг 30 йиллигини ўтказиш мантиқан тўғри ҳисобланади, дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.
Ушбу қонун қабул қилиниши натижасида 2018 йил 2 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун ўз кучини йўқотади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter