Дубай шаҳзодасига Ўзбекистонда ов қилишга нега рухсат берилади?
Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан ибн Муҳаммад Ал Мақтум яна Ўзбекистондаги лочин овига ташриф буюрди.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хорижликларнинг Ўзбекистонга овга келиб кетиши юзасидан маълумот берди.
«БАА шайх ва шаҳзодалари ҳар йили республикамизга спорт ва ҳаваскорлик ов қилиш мақсадида ўзлари билан шахсий овга ўргатилган лочинларини олиб келиб қайтариб олиб кетишади», дейилади хабарда.
Шунингдек, қайд этилишича, «Falcon Hunting Solutions» МЧЖ кўмаги билан Бирлашган Араб Амирликларининг питомникларида сунъий етиштирилган Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги йўрға тувалоқ қушларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига интродукция қилиниб ёввойи табиатга уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида қўйиб юборилади.
Мисол учун, ўтган 2019 йил март ойида ҳам 2382 бош йўрға тувалоқ Қизилқум чўли ялангликларига қўйиб юборилган эди. Жорий йил 3540 бошдан зиёд йўрға тувалоқлар қўйиб юборилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида жойлашган қушларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш Амирликлар маркази («Emirates Bird Breeding Center for Conservation») ва Навоий вилоятида жойлашаган йўрға тувалоқ қушларини сақлаш бўйича Амирликлар маркази («Emirates Center for Conservation of Houbara») томонидан етиштирилган Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги йўрға тувалоқ қушларининг 2019 йилда 4132 донаси ҳамда 2020 йил 13 августга қадар 4069 донаси табиатга қўйиб юборилган.
Шу билан бирга, БАА дан 2020 йил 10 августда олиб келинган Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги 64 та лочин, 12 та итолғилар табиатга қўйиб юборилган.
Таъкидланишича, ҳар йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосасини инобатга олган ҳолда ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг келишуви асосида Давлат экология қўмитаси табиатдан ёввойи ҳайвонларни ажратиб олиш учун квота тасдиқлайди. 2020 йилда йўрға тувалоқларни илмий мақсадда табиатдан ажратиб олиш учун жами 357 дона квота ажратилди. Бу сон табиатга БАА томонидан қўйиб юборилаётган соннинг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter