Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Долзарб саволга аниқ жавоб: Рўзанинг бир куни учун фидя миқдори қанча?

Долзарб саволга аниқ жавоб: Рўзанинг бир куни учун фидя миқдори қанча?

Бу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими етакчи мутахассиси Ғуломиддин ХОЛБОЕВ батафсил жавоб берди:

– Фидя киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришдир.

Шариатимиз икки тоифа кишиларнинг рўза тутмаслигига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.

Биринчиси, қарилик сабабли рўза тутишга ярамайдиган, кун сайин жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.

Иккинчиси, сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: «(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир» (Бақара сураси, 184-оят).

Фидя Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир. Ватандошларимизга осон бўлиши учун ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан фидянинг ўртача миқдори эълон қилинади. Жумладан, 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя миқдори ўртача 20 минг сўм, деб белгиланган.

Фидя Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради. Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин.

Фидя мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.

Фидя бериб юрган қария ёки сурункали беморлар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, берган фидялари бекор бўлиб, тутмаган рўзаларининг қазосини тутиши вожиб бўлади. Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берсалар, рўза улардан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди.

Тузалишига умид бор, одатда, маълум вақтдан кейин шифо топадиган беморларга рўза тутиш зарар қилса, уларнинг ҳам рўза тутмаслигига шариатимиз рухсат беради. Аммо улар фидя бермайди. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб беради.

Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин «мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман» демоқда.

Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор киши вафотидан олдин уларнинг фидясини тўлашни васият қилиши вожибдир. Васият этмай вафот этса гуноҳкор бўлади. Марҳум фидя тўлашни васият қилган бўлса, уни кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулклари қийматининг учдан биридан буюрилган фидяни меросхўрлар адо қилиши вожиб бўлади. Адо қилмасалар, гуноҳкор бўлади. Агар марҳум фидя тўлашни васият қилмаган бўлса, ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёри билан марҳумнинг фидясини тўлаши улкан савоб ҳамда марҳумга енгиллик ва раҳм-шафқат қилган бўлади.

Муҳайё Тошқораева тайёрлади, ЎзА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг