Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дилфуза Комил: «Атроф тўла ибрат... Атроф тўла дарс...»

Дилфуза Комил: «Атроф тўла ибрат... Атроф тўла дарс...»

Фото: «VitaMarg.com»

Ишхонадаги ходимларим, шогирдларимнинг ҳаётдаги муаммолардан озгина ношукрлик қилганини ёки норози бўлганини сезганимда, уларни бир баҳона билан саратон хасталиклари шифохонасига олиб бораман: шукр қилишни ўрганишсин, дейман. Бугун ҳам шундай бўлди: газета тарқатиш баҳонасида бордик ўша шифохонага. Бу ерда бизни яхши танишади. Аҳволи унча яхши бўлмаган хасталар билан суҳбатлашамиз.

...Бир аёл ётибди — ёши мендан кичикроқ, эти бориб суягига ёпишган, кўзлари ич-ичига ботиб кетган, бошида битта ҳам сочи қолмаган... Лекин тинмай жилмаяди.

Гаплашгиси, ҳазиллашгиси келади...

Биз билан ҳазиллаша туриб, сип-силлиқ бўлиб қолган бошини силаб, кулди:
— Ана энди причёска дардим ҳам қолмади! Соч бўлмасаям мазза экан!..

Боягина ҳаётларидаги арзимаган муаммолардан ҳасрат қилган шогирд қизларим юзларини четга буриб йиғлаб олишди...

Ишхонага қайтгач, бошимиздан ошиб ётган ташвишларимиз, қоғозларга тўла хоналаримиз менинг ношукрларим кўзига катта давлатдек, яъни асл ҳолида кўрина бошлади...

...Атрофимиз тўла ибрат... Атроф тўла дарс... Бирозгина тўхтаб, кўзни очиш кифоя...

(муаллифнинг «Фейсбук»даги саҳифасидан олинди)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг