Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ювиниш нималиги билмасдан катта бўлаётган болалар

Ювиниш нималиги билмасдан катта бўлаётган болалар

Сув бу оби ҳаёт! Унинг қадрини олис қишлоқларда яшаётган аёллар яхши билади. Томчи заррасида ҳаёт борлигини уларданда теран англайдиганлар кам орамизда.

Гўдагини кунора чўмилтириш уёқда турсин, чанқаганида ичишга яроқли сувни топиб беролмаган онанинг ўша пайтдаги ҳолатини тасаввур қилишнинг ўзи оғриқли. Ҳис қилаяпсизми – тасаввур қилишнинг ўзи азоб. 2, 3 кунлаб, қуёш нури остида елим идишда турган, билинар билинмас бадбўй ис таратаётган сувни қайнатиб бериш учун газнинг «иси» у ёқда турсин, биттадан ортиқ чироқни ёқиши билан «помидор» ҳолатига келадиган «свет»нинг «заиф» қувватидан ҳатто «тефал» ишлатолмаётган уй бекалари кўп орамизда.

Ўша бекалар пардоз нималигини билишмайди, қошига ўсма сурта олмайди, ҳар мавсумга товусдек товланиб янги кўйлак киёлмайди, дугоналари билан «гап-гаштак»ларда йиғилолмайди....

Уларнинг айби, гўё Африка чўллари сингари ҳолатга келиб қолган олис, чекка қишлоқларда яшаётганими? Келажак ҳақида ўй-ҳаёллар, орзу қилиш у ёқда турсин, бугуни тинч ўтишини туну-кун ният қиладиган волидалар бисёр орамизда. Йўл юзидаги қўлбола симёғочлар ҳам шароитга дош беролмагандек букчайиб, анчайин пастлаб қолгандай.

Ота-оналар фарзандини бир дақиқага бўлсин кўздан қочирмайди. Боласини уйда овутиб ўтирай деса ҳаво иссиқ, деразани очай деса, чанг аралаш аҳлатнинг бадбўй ҳиди бутун хонага таралади. Гўё ҳеч ким йўқдек, бир зот яшамайдигандек бемалол ҳаракатланаётган катта юк машина эгалари исталган пайтда аҳлат ташлаб кетади, исталган пайтда эҳтиёжлари учун кераклича тупроқ қазиб олиб ташийди, аммо мутасаддилар бирор чора кўролмайди. Келинг яхшиси бу ҳолат билан ўзингиз бироз бўлсада танишинг.

Гувоҳи бўлаётганингиз Жиззах вилоятининг Ш. Рашидов тумани Куёвбоши МФЙ, И.Мўминов, Оқ Работ кўчаларидаги ҳолат. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мазкур ҳудудда яшаётган бир қатор фуқаролар томонидан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича мана неча йиллардан буён сувсизликдан қийналиб келишимоқда. Маҳалла оқсоқоли, ҳокимият ва тегишли ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилишганига қарамай масалага ҳали ҳануз ижобий ечим топилмади.

3 та хонадон бир бўлиб, 100000 сўм эвазига катта идишларни сув билан тўлдириб олишади. Аммо ёзнинг жазирамасида ўша ҳам йўқ. Сув ташийдиган машиналар сув келтиришга эринади ёки чиндан ҳам сув танқис бўлиб қолади.

— «Қиш кунларида бу ерда яшашнинг ўзи азоб, — дейди 59 нафар мурожаатчилар бири Эгамқулова Фазилат. — Газ, «свет» умуман йўқ. Ўтин тезда ёнмайди, кўмир ғамлашга ҳамманиям шароити йўқ. Унгаям чидаб яшаяпмиз. Аммо сувсиз яшашнинг сира иложи йўқ. Биз ҳам инсонмиз. Кир ювишимиз бор, болаларимизни чўмилтиргимиз келади. Ҳамма ер чўллаб ётибди. Дарахт кўкармайди. Фарзандларимиз мева нималигини билмай катта бўляпти. Гулу райҳон эколмаймиз, экин етиштиролмаймиз. Ҳайронман нима қилишгаям. Қишлоғимизга биргина «башня» ўрнатиб беришса бўлди. Қолган ишни ҳамжиҳатликда ўзимиз бажарамиз.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимидаги корхоналар ва тегишли мутасадди ташкилотларнинг раҳбарларидан мазкур ҳолатга ижобий ечим топишларини илтимос қилиб сўраймиз.

Манижа Баҳриева
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
бош мутахассиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг