Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганига 1 йил тўлди (фото)
Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганига 1 йил тўлди. 2017 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган.
Фармон билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилган.
Адлия вазирлиги таркибидаги Давлат хизматлари агентлигининг ҳар бир туманда биттадан — жами 201 та Давлат хизматлари маркази бор. Ҳар бир вилоятда биттадан — жами 14 та марказ экспериментал ҳисобланади — уларда жорий этишдан аввал янги хизматлар синовдан ўтказилади.
Давлат хизматлари агентлиги бир йил давомида 5 миллионга яқин хизмат кўрсатди — бу ўтган йилгига нисбатан 35 баробар кўп! Агентлик яқин беш йил ичида ушбу кўрсаткични яна олти бараварга оширмоқчи.
Ҳозир Давлат хизматлари марказлари орқали 100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда. 2020 йилгача хизматлар сонини 160 тага етказиш режалаштирилган.
Охирги бир йил ичида давлат хизматлари юзасидан мурожаат қилувчилардан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони 155 тадан 92 тага, хизмат кўрсатиш талаб этиладиган муддат икки баробардан кўпроққа қисқарди.
Давлат хизматлари агентлиги барча фуқароларимизга яшаш жойидан қатъи назар, сифатли давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам белгиланган. Унга кўра, олис жойларга чиқиш учун «мобиль» давлат хизматлари» кўрсатилиши белгиланди.
Дам олиш кунлари туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ходимлари махсус техника билан жиҳозланган «Дамас» ва автобусларда энг чекка ҳудудларга бориб, аҳолига керакли хизматларни кўрсатади. Энди уларга қимматли вақтини «нақд»ини сарфлаб, туман марказларига ташриф буюришнинг ҳожати йўқ. Мутахассисларини ўзлари бориб, асосий вазифалар ва Агентлик фаолияти, давлат хизматларини марказлар орқали ва электрон тарзда олишнинг қулайликлари билан таништиради. Улар ёрдамида керакли ҳужжатни тез ва ортиқча бюрократик тўсиқларсиз олиш мумкин. Ўтган 11 ой давомида 90 мингдан ортиқ мобиль хизматлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, республикамиз бўйлаб Давлат хизматлари марказларининг 40 га яқин шохобчалари ҳам очилган. Улар орқали кўрсатилган хизматлар сони 5 мингга яқинлашди.
Давлат хизматларини кўрсатишга тўсиқ бўлаётган муаммолар кўп. Масалан, қатор давлат идораларида ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари йўқ, идоралараро интеграция мавжуд эмас, хизматлардан фойдаланувчилар сони кескин ортгани сабабли ҳозирги марказ бинолари талабга жавоб бера олмаяпти.
Бунинг учун замонавий-қурилиш лойиҳалари, юқори энергия самарадорлик, максимал қулай шароитларни инобатга олган 200 га яқин Давлат хизматлари марказлари биноларини янгитдан барпо этиш лозим бўлади.
Бугун 95 та Давлат хизматлари марказларининг замонавий биноларини қуриш ишлари олиб борилмоқда, 7 таси фойдаланишга топширилди. Бухоро шаҳридаги ДХМ янги қурилган марказлардан бўлиб, электрон кутубхонаси, бепул Wi-Fi зонаси ва бошқа новациялари билан келувчиларни лол қолдирмоқда. Бу ерда илк бор автотранспорт воситаларига рақам бериш, фуқаронинг биометрик паспортини бериш хизматлари ҳам синов тариқасида йўлга қўйилди.
Давлат хизматлари агентлиги
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter