Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чироқчида хўрланган айиқ: аслида воқеа қандай бўлган эди?

Чироқчида хўрланган айиқ: аслида воқеа қандай бўлган эди?

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқлар орқали ёввойи айиқни ушлаб олиб, роса дўппослаган ўнлаб кишилар ва улардан бирининг айиқни қучоқлаб тургани, ёввойи ҳайвоннинг эса бош қисмидан қон оқиб, ночор аҳволда тургани акс этган видео тарқалди ва бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тармоқ фойдаланувчиларнинг кўпчилиги норозилигига сабаб бўлган мазкур видеотасвирда акс этган ваҳшийлик инсонни сескантириб, қалбини жумбушга келтиради, деб ёзмоқда ЎзА.

Аслида воқеа қандай бўлган эди? Мутасаддиларнинг бунга муносабати қандай?

Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Абдушукур Ҳамзаев қуйидагича изоҳ берган:

– Биз аниқлаган маълумотларга кўра, ушбу воқеа Чироқчи тумани Лангар МФЙ Тутли қишлоғида бўлган. Номаълум сабабларга кўра айиқ қишлоққа келиб қолган. Шу ҳудуднинг ички ишлар нозири туман ички ишлар бўлимидан оғзаки рухсат олган ҳамда ҳудуддаги овчилардан бири билан бирга тадбир ўтказиб, айиқни отиб ташлаш орқали хавфни бартараф қилган.

Ҳозирда айиқ жасади вилоят ветеринария бўлимида текширувда. Улар айиқ касалланганми, қутурганми, нима сабабдан аҳоли масканига бу даражада яқин келганини ўрганишмоқда. Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам суриштирув ўтказмоқда.

Мен масаланинг яна бир томонига эътибор қаратмоқчиман, қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар мазкур қўнғир айиқ Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган. Маълумотларга кўра, мазкур тур юртимиз ҳудудида бор-йўғи 250 тадан 260 тагача бор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги тегишли қарорига биноан, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи бўлган Тян-Шань қўнғир айиғига Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки юридик шахси томонидан зарар етказилган бўлса 100 АҚШ доллари, яъни 840 минг сўм миқдоридаги жарима тўлаш белгиланган. Шу ҳаракатни хориж фуқароси ёки юридик шахс содир этса, 168 миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилади. Мен тегишли ташкилотлар вакиллари, қонун чиқарувчи органлардан мана шу банддаги жарима миқдорини янада ошириш таклифини илгари суришларини сўраб қолган бўлардим. Бундай ҳолатлар бошқа қайтарилмаслигини олдини олишимиз зарур, деган мутахассис.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг