«Чироқчи воқеаси» бўйича туман ИИБ раҳбарлари ишдан ҳайдалди
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 7 март куни Қашқадарё вилоятида бўлиб, «Чироқчи воқеаси» бўйича яна 6 нафар ИИБ ходими ишдан олинганини маълум қилди. Бу ҳақда ИИБ ахборот хизматига таяниб «Дарё» хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Чироқчи туман ИИБ бошлиғи Фазлиддин Юсупов, туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Норбек Қобилов, тарбиявий ишлар бўйича ўринбосар Нодир Исматов, тергов бўйича ўринбосар Дилшод Расулов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Юнус Менгноров ва 4-сонли ИИБ катта профилактика инспектори Шерзод Раҳмонов эса энди улар ички ишлар тизимида фаолият юритмаслиги таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли эркак 2020 йил 23 январь ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди. Кейинроқ ИИБнинг бошқа ходимлари ушбу жиноятни яшириш мақсадида гувоҳларга босим ўтказгани маълум бўлганди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, икки нафар ИИБ ходими қамоққа олингани ҳақида хабар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter