Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаётдаги корхоналар чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантирилди

Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаётдаги корхоналар чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантирилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани туфайли атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар фаолияти юзасидан экологик мониторинг ўтказилди.

Мониторинг давомида Чилонзор туманида жойлашган атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига мансуб 70 та корхонага, жумладан, бетон, ун маҳсулотлари, керамика ва кафель, мато-газлама ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналарга чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилди. Шунингдек, Сергели туманида атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига мансуб 68 та корхона чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш тўғрисида огоҳлантирилди.

Қолаверса, Янгиҳаёт туманида жойлашган атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига мансуб 22 та корхонага чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилди.

Маълумот учун, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасига асосан 2024 йил 12 январь ҳолатига Тошкент шаҳрида жойлашган 42 та корхона томонидан чора-тадбирлар режаси тақдим этилган. Шундан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 75 та тадбир белгиланган.

Мазкур чора-тадбирлар бажарилиши юзасидан ҳар чоракда корхоналар томонидан амалга оширилган ишлар, жумладан, 1517 та атроф-муҳитга таъсирни кўриб чиқиш (ZVOS) лойиҳалари (ўтган йилда 1343 та), 221 та атроф-муҳитга таъсир оқибатларини меъёрлаштириш (ZEP) лойиҳалари (ўтган йилда 206 та), 371 та атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламаларни меъёрлаштириш (PDV) лойиҳалари (ўтган йилда 375 та), 651 та чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ва жойлаштирилишини меъёрлаштириш (PDO) лойиҳалари (ўтган йилда 527 та), 3 та очиқ сув ҳавзаларига ташланадиган оқоваларни меъёрлаштириш (PDS) лойиҳалари (ўтган йилга нисбатан 9 та) тўғрисида маълумотлар бериб борилади.

Кўриб чиқилган лойиҳа ҳужжатларидан 2392 тасига ижобий хулоса берилган бўлиб, 321 таси қайта кўриб чиқиш учун қайтарилди ва 50 тасига салбий хулоса берилди. Шу жумладан, объектлардан 189 тасига кўрсатилган камчиликларни бартараф этганидан кейин экологик экспертизанинг ижобий хулосаси берилди.

2022 йилда 2460 та ҳужжатга экологик хулосалар берилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 303 тага кўпайди. Жумладан, Чилонзор, Янгиҳаёт ва Сергели туманларидаги корхоналар ҳудуда ўрганиш ишлари ўтказилиб, экологик норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг