Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чанг бўронларини тўхтатса бўлади: муаммо илдизи ва ечими

Чанг бўронларини тўхтатса бўлади: муаммо илдизи ва ечими

Қум бўронлари ҳар доим бўлган. Вақти-вақти билан бўлиб турган. Унутилган. Лекин замонавий дунёдагиси анча хавфли? Нега? Сабаби, бу чанг-тўзонлар орасида тузлар ҳам учади, миқдори ҳам анча юқори. Қум-чанг зарарли бўлмаслиги мумкин, лекин туз учса ёмон. Биринчидан, ўсимлик ва дарахтларнинг баргини қоплайди, зарарлайди, қуритади. Қишлоқ хўжалиги муҳим соҳа ҳисобланган Ўзбекистон учун бу жуда жиддий ҳолат.

Бу сафаргисида омадимиз сал келди. Баҳор ёки ёзда эмас, кеч кузда, ўсимликлар уйқуга ҳозирлик кўраётган бир вақтда.

Бу муаммо олимлар томонидан анча йиллар аввал башорат қилинган, кўплаб илмий ишлар олиб борилган, ишланмалар таклиф этилганди. Биринчиси, туз учадиган ҳудудларда ўша минтақа ўсимликларини экиш; иккинчиси, тузни учмайдиган ҳолатга ўтказиш.

Бир вақтлар, тахминан ўн-ўн беш йиллар аввал чўл ўсимлигини қумда ўстириш (суратдаги ўсимлик), ўша ўсимликни бактериялар билан озиқлантириш биотехнологияси ишлаб чиқилган, лекин ишланмалар лабораторияда қолиб кетаверди.

Тузлар ёки оғир металларни бактерия полимерлари ёрдамида «қотириш» (ютиш) ишлари ҳам олиб борилган, жараён ва бу жараёнда қўлланадиган биологик воситаларнинг фундаментал натижалари илмий нашрларда ҳам эълон қилинган:

https://www.scirp.org/html/13-6701948_36802.htm

https://www.sciencedirect.com/science/article/abs/pii/S0141813020343932

https://link.springer.com/article/10.1007/s13205-017-0811-9

Бу тузли чанг-тўзонлар ҳали кўп ўзини эслатади. Қайси фаслда қўзғалиши қараб хавф кўлами турлича бўлади. Агар баҳор ёки ёзнинг бошида бўлса, унда унда иқтисодий зарари жуда катта бўлади. Бутун бошли далалардаги ўсимликлар, дарахтлар хавф остида қолади. Жиддий масала шуки, биз потенциал туз заҳираси марказида жойлашганмиз.

Юқорида ҳам эслатдим, муаммо бир кунда юзага келмади. Ечими бор, яна янгилари таклиф этилиши мумкин бўлган ҳолда, буни назардан четда қолдирдик.

Ечим борми?

Ечим бор, илмий асосланган. Биринчидан, бир йиллик, арзон тушадиган ўсимлик қопламини ҳосил қилиш. Ўсимликлар номенклатураси, чўлда озиқлантириш биотехнологияси маълум.

Иккинчидан, ўша тузларни арзонга тушадиган биоматериаллар (олиш усули маълум) билан қотириш.

Эсдан чиқармайлик, бу каби экологик таҳдидлар бор ва биз келажакда кўп юзлашамиз.

Бахтиёр Абдуғофур

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг