Бухорода йирик илмий анжуман ўтказилди: тафсилотлар (фото)
Бухорода анъанавий XII Халқаро Ибн Сино ўқишлари - «Aбу Aли ибн Сино ва цивилизация» мавзусида илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Ибн Сино жамоат фонди, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Aбу Aли ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт университети, Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкиллаштирилган Халқаро анжуманга Исроил, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Корея, Қирғизистон, Россиядан 50 га яқин илмий мутахассислар жалб этилган. Тожикистон ва Туркия Биринчи ўзбек-турк илмий форуми ТIКAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан Туркиядан 20 нафар таниқли олим ва экспертлар, жумладан, Туркиянинг йирик университетлари ректорлари иштироки таъминланган.
Тарихдан маълумки, Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Сино ҳижрий 370 (милодий 980) йилда Бухоронинг Афшона, ҳозирги Исфана қишлоғида туғилган. Ибн Сино 1002 йилда Бухородан чиқиб кетган. Шундан сўнг Урганч, Обивард, Насо, Нишопур, Журжон, Рай, Исфаҳон, Ҳамадон каби шаҳарларда бўлади. У 1037 йилда (ҳижрий 428) 57 ёшида Ҳамадон шаҳрида вафот этган.
Анжуманнинг биринчи кунида Бухорога ташриф буюрган меҳмонлар учун Абу Али ибн Сино номидаги мемориал-музейига саёҳати уюштирилган.
Мемориал-музейда алломанинг тиббиёт соҳасига оид қўлёзмалари мавжуд. Билдирилишича, Ҳиндистон кутубхоналарида ҳам бугунга қадар Ибн Сино меросига оид 25 мингта китоб ва 17 мингта журнал сақлаб келинмоқда. Мемориал-музей Абу Али ибн Синонинг болалик ва ўсмирлик йилларини, фаолияти йўналишларини, унинг тиббиёт соҳасидаги мероси билан Шарқ табобати ўртасидаги устуворлик ва уйғунликни ўзида акс эттирган, буюк ҳакимнинг ўтмишдошлари, замондошлари ҳамда издошлари ҳақида кенг маълумотлар жамланган етти бўлимдан иборат. Мутафаккир турли фанларга оид 450 дан ортиқ илмий асарлар яратган. Бироқ, бизгача Ибн Синонинг 242 та асари етиб келган. Шулардан 4 таси адабиётга, 5 таси мусиқага, ўндан ортиғи астрономияга оид асарлар ва ҳоказо.
«Абу Али ибн Сино жаҳон илм-фани, хусусан, тиббиёт илми тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошимиздир. Буюк ҳаким бобокалонимиз фаннинг ўндан зиёд йўналиши билан шуғулланган ва улар ривожига улкан ҳисса қўшган. Музейимиздаги экспонатлар шу ҳақда маълумот беради. Айтиш жоизки, мазмунан ва шаклан бойиган музей улуғ олим ҳаёти ҳамда ижодининг тўлақонли солномасига айланди»,– деди Бухоро давлат бадиий-меъморлик музей-қўриқхонасининг Абу Али ибн Сино мемориал-музейи бўлими раҳбари.
«Абу Али ибн Сино мероси эзгуликка, ер юзидаги барча инсонларнинг саломатлигига хизмат қилаётган экан, демак, у умумбашар фарзанди, буюк сиймодир, – деди Эроннинг Aбу Aли Сино номидаги Халқаро илмий-амалий фан ва Маданияти жамғармаси раҳбари, профессор Гиаседдин Тахамохаммади Халқаро анжуман доирасида журналистлар билан бўлган суҳбатда,– Ҳар икки йилда буюк тиббиёт устози меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманни орзиқиб кутиб, Бухоройи шарифга ошиқадиганлар кўп. Улуғ олим туғилган Афшона қишлоғида бўлганимиздан бениҳоя хурсандмиз. Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири Абу Али ибн Сино, маълумки, Авиценна номи билан машҳур. Ўткир зеҳни, такрорланмас истеъдоди билан илм-фанни чуқур ўрганишга, ўзининг фалсафий ақл назарияси билан дунёни ҳайратда қолдирган буюк даҳо туғилиб ўсган бебаҳо тупроқни зиёрат айламак биз учун ҳам шараф, ҳам қувончдир. Беназир табобат илми соҳиби башарти, мисли қуёш нуридек ҳали ҳануз дунё аҳлининг тан ва руҳига жонбағш экан, унинг бой мероси ўрганилаверади, изланишлар давом этаверади»
Aвиценна ўқишлари доирасида хорижий институтлар билан ҳамкорлик бўйича қатор меморандумлар имзоланди.
«Инсоният тарихида нурли из қолдирган буюк сиймо орадан қанча вақт ўтмасин, барча замон ва маконлар учун бирдай улуғвор бўлиб қолаверади, кишиларни ҳамиша ҳайратга солаверади. Ибн Синони англаш барчамиз учун фарздир. Халқаро Ибн Сино ўқишлари платформаси Aбу Aли ибн Синонинг бой илмий ва маданий меросини янада чуқур ўрганишга туртки бўлди. Халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш учун конструктив шарт-шароитлар яратди. Хусусан, ТIKA билан 2024 йилда Aбу Aли ибн Сино қўлёзмалари ва қўлёзма нусхаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон олимларининг Туркияга биринчи илмий экспедициясини, Эроннинг Aбу Aли Сино номидаги илмий-амалий фан ва Маданияти фонди билан биргаликда – 2024 йил Самарқандда Биринчи Ўзбекистон-Эрон илмий форумига ўтқазилади», -деди Абу Али Ибн Сино фонди раҳбари, Ибн Сино замонавий тиббиёт асосчиси Нозимхон Маҳмудов.
Анжуман доирасида буюк аллома меросини ўрганиш ва янада барқарорлигини таъминлашда хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ иштирокчилар Ибн Сино фахрий мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, тиббиёт фанлари профессорлари ҳамда Бухоро давлат Тиббиёт университети вакилларига фахрий докторлик унвонлари ва олтин медаллари топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter