Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро ҳайъати Мустафо Камол Отатуркка Амир Темур қиличини тақдим этган эди – Туркия элчиси

Бухоро ҳайъати Мустафо Камол Отатуркка Амир Темур қиличини тақдим этган эди – Туркия элчиси

Турк қўшини 1922 йил 30 августда эришган ғалабаси билан асло кишанга рози бўлмаслигини кўрсатди.

Фото: “Milliyet.com.tr”

Туркияда 30 август – Ғалаба байрами нишонланмоқда. Бундан 98 йил аввал, 1922 йилнинг 30 августида атоқли йўлбошчи Мустафо Камол Отатурк ва унинг дўстлари қўмондонлигидаги армия Думлупинар мавзеида кечган жангларда қаҳрамонларча ғалаба қозонган эди. Мустамлакачи кучлар устидан қозонилган ушбу ғалаба замонавий Туркия ҳаётида ҳам муҳим сана ўлароқ байрам қилинади. Ушбу шонли сана муносабати билан Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр баёнот берди.

«Тарихи шон-шарафларга тўла қаҳрамон Туркия Қуролли кучлари бу ғалабаларни ўз шижоати ва озодликка бўлган ишончи туфайли қўлга киритган эди. Бу буюк зафарлари билан турк халқи ҳеч кимга бўйин эгмаслигини, турк давлати асло бўйинтуруққа банди бўлмаслигини бутун жаҳонга яна бир бор ғолибона намойиш этди. Халқимиз ҳатто энг қийин шароитларда ҳам озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қила олишини, ўз суверенитети учун ҳеч иккиланмай жонини фидо қилишга тайёр эканини, тарихда кўп марта бўлганидек, амалда яна бир бор исботлади», – дейди Туркия элчиси.

Дипломатга кўра, турклар тарих саҳнасида минг йиллар давомида дуч келган таҳдидлар ҳозирги асримизда бошқача шаклларда намоён бўлмоқда.

«Мамлакатимизнинг боқийлигини кўролмайдиган барча ғаламислар тўдаси ва хоин террорчи ташкилотларга қарши қатъий курашимизни ҳар жабҳада муваффақият билан олиб бормоқдамиз. Бундан бир аср олдин миллатимизга Севр шартномасини мажбуран қабул қилдиришга бўлган уринишларни миллий озодлик урушида қандай чиппакка чиқарган бўлсак, бугунги кунда ҳам халқимизга мажбуран қабул қилдиришга уринилаётган миллий манфаатларимизни камситувчи иддаоларга худди шундай жавоб беришга тайёрмиз. Шу сабабли давлатимиз Туркиянинг ва Кипр туркларининг Ўртаер денгизининг шарқий қисмидаги манфаатларини камситишга қаратилган асоссиз уринишларга қарши музокараларда ҳам, очиқ майдонда ҳам қатъият билан кураш олиб бормоқда. Халқимиз ўз ҳақини 98 йил аввал Мангал тоғи этаклари ва атроф тепаликларда кечган қирғинбарот урушларда қаҳрамонона ҳимоя қилиб, Онадўлининг бир қарич еридан ҳам воз кечмаганидек, бугун ҳам ватаннинг бир томчи сувидан воз кечмаслигини бутун дунёга намойиш этмоқда», – дейди элчи Меҳмет Сурайё Эр.

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр

Дипломат бир аср аввалги миллий озодлик курашида ўзбек қардошлар ҳам кўмак берганини қайд этар экан, Туркия бу ёрдамни ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлайди.  

«Ота юртимиздаги қардошларимизнинг бундан роппа-роса бир аср олдин ўз ризқидан орттириб, миллий озодлик курашимизни қўллаб-қувватлаш учун Онадўлидаги қардошларига юборган моддий ёрдамини турк халқи ҳеч қачон унутмади. Олийжаноблик билан кўрсатилган бу самимий кўмак минг бир машаққат билан ташкил этилаётган Туркия Республикасига катта мадад бўлди. Буюк озодлик юришидан кейин бош қўмондон Мустафо Камол Отатуркнинг «Армиялар! Илк нишонингиз – Ўртаер денгизидир. Олға!» деган буйруғи билан Измирни душман ишғолидан озод қилган ғолиб қўмондонга Бухоро Халқ Республикаси ҳайъати келтирган Амир Темур қиличларидан бири тақдим этилган. Буларнинг барчаси Думлупинар ғалабасини бугунги Ўзбекистон билан муштарак тарихга, 30 август – Ғалаба байрамини умумий шодиёнага айлантирмоқда. Муштарак тамаддунга эга умумий тарихимизда бу каби қардошлик ва бирдамлик намуналари талайгина. Биз кучли қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклик даражасидаги Туркия Ўзбекистон алоқаларини янада кучайтириб, ривожланишни истаймиз, умумий саъй-ҳаракатларимизда ҳар доим янги зафарлар ёр бўлишини тилаймиз», – дейди Туркия элчиси.

Дипломат бугунги авлодга фаровон келажак қолдириш учун фавқулодда фидокорлик кўрсатган қаҳрамонлар, республика асосчиси Ғозий Мустафо Камол Отатурк ҳамда қуролдош дўстлари, шаҳидлар ва тараққиётга ҳисса қўшган барча давлат арбобларини эҳтиром ила ёдга олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг