Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Булоқбошидаги цемент заводи қурилишидаги сунъий тўсиқлар айбдори ким?

Булоқбошидаги цемент заводи қурилишидаги сунъий тўсиқлар айбдори ким?

Фото: «Uz24.uz»

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида хитойликлар билан ҳамкорликда цемент заводи қурилиши бошланаётганини эшитганлар жуда хурсанд бўлишганди. Ахир завод ишга тушиши билан чекка бир ҳудудда кўплаб иш ўрни яратилади, энг муҳими эса шу ернинг ўзида сифатли қурилиш материали ишлаб чиқарилади. Бу ерда дастлабки ишлар ҳам бошланди. Афсуски, сўнгги пайтлардаги баъзи сунъий тўсиқлар маҳаллий тадбиркорларни ҳам, хорижлик сармоядорларни ҳам ташвишга солиб қўймоқда.

Аввало таъкидлаш жоизки, завод қурилиши мамлакатимиз президентининг 2017 йил 20 июлдаги «Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида цемент заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида бошланган эди.

Хитойнинг цемент ишлаб чиқарувчи «Shangfeng» ва «Tunli» компаниялари билан ҳамкорликда Булоқбоши туманида йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган, кўмир ёқилғисида ишловчи завод қуриш учун «Shangfeng-bridge of friendship» қўшма корхонаси ташкил этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 203,9 миллион доллар бўлиб, Хитой компанияларининг тўғридан-тўғри давлат кафолатисиз инвестицияси 136,3 миллион долларга тенг. Маҳаллий таъсисчи — «Juydam ta’mir qurilish» масъулияти чекланган жамияти ҳам юртимизда тадбиркорларга берилаётган катта имкониятларни ҳис этиб, ана шу ишга қўл урди.

Ўтган давр мобайнида қўшма корхона томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хитойлик таъсисчилар томонидан Хитой давлат органларидан Ўзбекистонга инвестиция киритиш учун керакли рухсатномалар олинди. «Sinoma» компанияси бошланғич ҳужжатларни ишлаб чиқди, заводнинг қурилиш-монтаж ишларини бажарувчи пудрат ташкилоти аниқланди, лойиҳанинг бошланғич қисмини Ўзбекистон стандартларига мослаштириш ишлари якунланмоқда. Лойиҳани ташқи коммуникация тармоқларига улаш борасида ҳам ишлар бажарилди. Лойиҳа доирасида ташқи инфраструктурага кетадиган 52,7 миллион долларлик харажатлар қўшма корхона таъсисчиларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини инобатга олиб, «Shangfeng-bridge of friendship» қўшма корхонасига солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда лойиҳалаш билан бир вақтда қурилиш ишларини амалга оширишга рухсат берилиши белгиланган.

Лойиҳа доирасида импорт қилиниши кўзда тутилган техника, асбоб-ускуна ва бошқа материаллар бўйича «Ўзбекэкспертиза» АЖнинг ижобий хулосаси олиниб, уларни бож тўловларидан озод этиш бўйича Ўзбекистон президенти фармойиши лойиҳаси жорий йил 5 февраль куни мутасадди вазирлик ва идораларга келишиш учун киритилди.

— Юқорида таъкидланган ишларни амалга оширишга кўп вақт кетгани туфайли 2018 йил 1 январгача лойиҳалаш билан бир вақтда қурилиш ишларини амалга оширишга улгурилмади, — дейди қўшма корхона директори Обид Қўшматов. — Шунинг учун тайёрланган фармойиш лойиҳасида лойиҳалаш билан бир вақтда қурилиш ишларини амалга ошириш муддатини 2019 йил 30 майгача узайтириш масаласи белгиланган. Аммо бугун биз қурилиш ишларини бошлаш учун баъзи тўсиқларга учрамоқдамиз.

«Shangfeng-bridge of friendship» қўшма корхонаси бугун танг аҳволда қолди. Қурилиш ишларига рухсат берилмаяпти. Мутасаддилар бу йирик лойиҳани рўёбга чиқариш, таъсисчиларга ёрдам бериш масаласини умуман ўйлаб кўргани йўқ. Бугун давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи ҳудудлардаги лойиҳаларни амалга оширишни назорат қилмоқда. Булоқбоши туманидаги бу лойиҳага беписандлик президентимизнинг сиёсатига зид эмасми? Наҳотки, 700 та иш ўрни яратиладиган бу лойиҳа ҳам арзимас сабаблар билан барбод бўлса? «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти мутасаддилари ҳам мазкур масалада бефарқликка йўл қўймаслиги лозим.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокидаги бу лойиҳани қўллаб-қувватлаш керак эмасми аслида?!

Мақсуд Сулаймонов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг