Бугун Ўзбекистоннинг барча масжидларида Янги Зеландияда ҳалок бўлган мусулмонлар ҳаққига дуолар қилинади
Бугун, 17 март куни Ўзбекистондаги барча жоме масжидларда пешин намоз ибодатидан сўнг, Қуръони карим тиловати ва дуолар қилиш, шунингдек, диний таълим муассасаларида хатми Қуръонлар қилиш ва савобини ҳалок бўлганлар руҳига бахшида этиш тавсия этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг идоранинг вилоятлардаги вакилларига йўллаган мурожаатидан билдирилган.
«Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолари, дин ва давлат арбоблари ушбу уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирмоқда», – дейилади мурожаатда.
«Ўз навбатида республикамиздаги масжидларда намозхонларимизнинг тинч-осуда ибодат қилишига хизмат қилаётган нозирлар ҳаққига ҳам дуолар қилиш мақсадга мувофиқдир», – дея қўшимча қилинади муфтий мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни қуролланган шахслар «Ан-Нур» ва «Линвуд» масжидларида жума намозидан сўнг масжид ичига кириб, у ердаги одамларга қарата ўқ узган, оқибатда 50 киши ҳалок бўлганди. Шунингдек, намозхонларнинг ўққа тутилиши оқибатида 49 киши яраланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter