Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бу ерларда вақт тўхтайди — Бобур қўрғонидан қандай пул ишлаш мумкин?

Бу ерларда вақт тўхтайди — Бобур қўрғонидан қандай пул ишлаш мумкин?

Фото: Xabar.uz

Тошкент-Термиз йўлининг Деҳқонобод тумани, Оқрабод қишлоғидан ўтган қисмидан ўнгга бурилсангиз, тоғ-тошлар аро ажиб манзарага кўзингиз тушади. Дара ичкарилаб қанча юрганингиз сари манзара ҳам гўзаллашиб боради. Энг муҳими — кундалик, ташвишли ҳаёт белгилари камайиб, осойишталик ҳис қилаверасиз. Мана, Бойсун-Қумқўрғон темир йўлининг улкан кўприги остидан ўтиб кетдингиз. Бу ёғига фақат лойсувоқ уйларнинг томидаги шифер ёки черепицалар XXI асрдан дарак беради, холос. Бора-бора улар ҳам тугайди. Ёзда тоғларга чиқиб кетадиган чўпонларнинг қўналғаларига етгач эса, ўзингизни росмана ўрта асрларда ҳис қиласиз.

Бу ерларда вақт тўхтагандек бўлади...

Ўрта асрларни эслатадиган мана шу тинч, осойишта ва сўлим жойда «Бобуртепа» деб номланадиган тарихий манзилгоҳ бор. Маҳаллий аҳоли айнан шу ерда Афғонистонга ўтиб кетиш олдидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур яшаганига ишонади. Ҳалигача у ҳақида ривоятлар авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Ва бу ривоятлар албатта «Боболарнинг айтишича», деб бошланади.

Менга отамнинг айтишича, унга эса бобомдан етган экан, мана шу ерда Бобурнинг қўрғони бўлган, — дейди Оқрабод маҳалласи раиси Чори Қозиев. У болалик вақтларида пода ҳайдаб ўтган бу ерларни шунчалик яхши биладики, Бобур қайси тош устида яшаганию, зиндони қаерда бўлганигача аниқ-тиниқ, юқори ишонч билан кўрсатади. — Мана бу ерда соқчи минора бўлган, қаланган тошларни кўряпсизми? Шу тепанинг кун ботиш томонида аскарлар яшаган. Кун чиқиш томонида эса Бобур ва бошқа амирларнинг уйлари бўлган. Зиндон эса бу томонда эди. Ёшлигимизда мол-қўй тушиб кетавергандан кейин тош билан тўлдириб ташлаганмиз.

Оқсоқолнинг гапларини журналист Сафар Оллоёр ҳам тасдиқлайди. Ҳозирда Тошкентда яшаб, ижод қилаётган ҳамкасбимиз ҳам асли Оқрабоддан, болалиги шу тоғларда ўтган.

— Бобур танлаган бу жой стратегик жиҳатдан муҳим бўлиб, унинг душмани — Шайбонийхон фақат бир томондан, Шамоликам қишлоғи жойлашган ҳудудлардан келиши мумкин эди. Қадимда йўл шу қишлоқ орқали ўтган. Ўша ерда Абдуллахон II қурдирган қалъа қолдиқлари ҳозир ҳам бор. Бобурнинг аскарлари душман келадиган йўлни бемалол кузатиб туриши мумкин эди. Боз устига, Шайбонийхон қўшини кўрингандан кейин ҳам Бобуртепага келгунга қадар камида яна бир кун вақт ўтади. Даранинг тор йўли эса отлар юриши учун ноўнғай, бир неча минг кишилик қўшин икки-уч километргача чўзилиб кетиши мумкин. Демакки, бу ер мудофаа ташкил этишга ҳам қулай. Бобур жуда ақлли саркарда эди. У олдиндан чекиниш йўлини ҳам тайёрлаб қўйган. Боболаримиздан қолган ривоятга кўра даранинг қун чиқиш томонида Дарбанд йўлига ўтиб кетса бўладиган сўқмоқ тайёрланади. Бу ишларга Бобурнинг Муҳиддин исмли амалдори масъул бўлган. Ўша сўқмоқ ҳалигича бор ва халқимиз уни маҳаллий лаҳжада «Муҳиддин ками» деб атайди, — дейди Сафар Оллоёр.

Ҳозир бу ерлар эътибордан узоқда. Маҳаллий аҳолининг тирикчилиги эса икки-уч аср аввалгисидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Қишда пастга тушиб, хонадонларда совуқ кунларни ўтказишади. Ёзда эса яна кўч-кўронини ортиб, тоққа кўтарилади. Бу анъана шу қадар чуқур илдиз отганки, ҳатто пандемия ҳам унга деярли таъсир кўрсатмади.

Тоғ халқи бир йиллик рўзғорини олдиндан тахт қилиб қўяди, — дейди Деҳқонобод туман ҳоким ўринбосари Нодир Исмоилов. У туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, карантин вақтида «Саҳоват ва кўмак» доирасида аҳолининг муҳтож қатламига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатган. — Асосий даромад эса чорвадан, ҳаммада мол-қўй бор. Демакки сут-қатиқ ва гўштдан муаммо йўқ. Шунинг учун карантин вақтида тоғликлар орасида ёрдам сўраганлар кўп бўлмади, асосан туман марказига озиқ-овқат етказиб турдик. Тоғда эса ҳамма нарса аввалдан ҳозирлаб қўйилади.

Ҳа, бу ерларда турмуш тарзи асрларки ўзгармаган. Дара йўлидан қанча илгариласангиз, шунча яйрайсиз. Табиат юз йиллар олдин қандай бўлса, шундайлигича қолган. Темир-бетон уйлару, асфалтнинг иссиғидан кўтарилган ҳовурдан нафас олишга ўрганган димоғингиз бу ерда яйрайди. Сой бўйига тушиб, булоқ сувидан ичасизда, тош устидан тургингиз келмайди.

Шундай жойларимиз бор экан, нимага уни бошқаларга кўрсатмаймиз? Ахир туризмни ривожлантириш учун Бобуртепага ўхшаш жойлар керак эмасми? Бу ерда туризмнинг деярли барча соҳасини жамлаш мумкин — этник, маданий, тарихий, экологик, гастрономик сайёҳликнинг барчасини Деҳқонобод кўрсатиб бера олади. Ҳатто маҳаллий табобатни ҳам йўлга қўйса бўлади — бизга ҳамрохлик қилган Чори оқсоқол ўнлаб гиёҳлар қайси касалга даво бўлишини санаб чиқдики, эслаб қолиш ҳам осон эмас.

Энг муҳими — туризмни йўлга қўйиш учун катта инвестиция ҳам шарт эмас. Дара халқаро йўлнинг шундай ёқасида жойлашган. Ичкари йўлни асфалт қилиш ҳам шарт эмас, аксинча, Оқрабоднинг аслиятини сақлаб қолиш учун тақиқлаб қўйиш ҳам керак. Бу йўлга шу тоғларнинг ўзидан олинадиган тош қалаб чиқилса кифоя. Бобуртепага етмасдан, бир километр қолганда йўл ҳам тугайди. Сайёҳлар шундан нарига от ёки эшак араваларда олиб чиқилса, уларга маҳаллий лапарлардан айтиб берилса, ўтовда бир ёки икки кеча қолинса, миллий, экологик тоза таомларимиздан тайёрлаб берилса — шунинг ўзи бир умрлик эсдалик учун кифоя эмасми? Европадан келадиган туристларни қўйинг, ўзимизнинг шаҳарларда ҳам бир умр сойда оқаётган сувни ҳовучлаб ичиб кўрмаган одамлар бор. Урбанизация — яхши нарса, аммо одам ҳар доим табиатга интилиб яшайди. Оқрабод тоғларига бир марта келсангиз, буни ўзингиз ҳам ҳис қиласиз.

Деҳқонободда ҳозир «Темир дафтар»га киритилган 2388 та оила бор. Бу оилаларда 9685 киши истиқомат қилади. Шундан 2279 нафари меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. Энди бир ўйлаб кўринг, туризмни ривожлантириш бўйича оддийгина мана шу лойиҳа қанча оилани муҳтожликдан олиб чиқиб кетган бўларди.

Боя айтганимиздек бунинг учун жуда катта пул ҳам шарт эмас...

Биринчидан, сайёҳларни ўзига жалб қиладиган камида иккита тарихий жой мавжуд. Иккинчидан, алоҳида инфратузилма яратиш шарт эмас, Оқрабод шундай катта йўл ёқасида жойлашган. Учинчидан эса, катта сармояга эҳтиёж ҳам йўқ. Аксинча, ҳудуднинг ўзига ҳослигини сақлаб қолиш ва табиатга ортиқча зарар етказмаслик учун бузиш-қуриш ишларидан сақланиш керак. Шунчаки, ўтов ўрнатиб, шароитни ҳозирлаб, яхшигина тарғиб қилинса, сайёҳлар назаридан четда қолмайди, насиб...

Зафар ҚОСИМОВ
Фото: Отабек ҚЎЛДОШЕВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг