Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоннинг аҳди, шаҳзоданинг ўлими ва канизак фитнаси — Ўзмиллийбанк бизга қайтарган сарой тарихи

Хоннинг аҳди, шаҳзоданинг ўлими ва канизак фитнаси — Ўзмиллийбанк бизга қайтарган сарой тарихи

Фото: Xabar.uz

Нуруллабой саройининг тарихи минг йилларга бориб тақалмайди. Мажмуа XIX аср ўрталарида қуриб бошланган ва эллик йил нари берисида, XX аср бошларига келиб тугатилган. Аммо тарих учун нисбатан қисқа бўлган мана шу даврда ҳам сарой қанчадан қанча дабдабаю, ҳашаматга, шунингдек, хон, вазир ҳамда валиаҳд шахзода умрига зомин бўлган фитналарга гувоҳ бўлди.

Хива шаҳрига борсангиз, Ичан қалъанинг шундай ёнгинасида Нуруллабой саройига кўзингиз тушади. Уч-тўрт йил олдин ҳам мажмуа ташландиқ ҳолатда ётарди. Ўзмиллийбанк томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракат туфайли сарой яна аввалги салобати ва ҳашаматини қайтарди.

Унинг қисқача тарихи эса қуйидагича.

XIX аср ўрталарига келиб Хивадаги Ичан қалъа ҳудуди турли саройлар, мадраса ва мақбаралар билан тўлиб-тошади. Бугун ҳам у ердаги ёдгорликларни томоша қилиб чиқиш учун бир кун етарли эмас. Сайёҳ учун яхши манзара албатта, аммо икки аср олдин ҳукмронлик қилган хонлар учун ёзги жазирамада дам оладиган сўлим жой топиш зарурати пайдо бўлган эди.

Хива ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон I масаланинг ечимини тез топади, Ичан қалъадан ғарбда қуюқ боғ-роғлар жойлашган эди ва бу ер хонга жуда маъқул келади. Боғ эгаси Нуруллабойга ерини сотиш таклифи берилади. Бой таклифни қабул қилади (қабул қилмай ҳам кўрсинчи), аммо бир шарт билан – бу ерда қандай бино қурилмасин, унинг номи билан аталиши керак. Хон шартга кўнади — Нуруллабой бўлса, Нуруллабойда, муҳими — сарой бўлсин...

Шу тариқа Ичан қалъанинг ёнгинасида ёзги қароргоҳ бино бўлади. Сарой эллик йил давомида қурилади ва хондан хонга ўтгани сари такомиллашаверади. Унга ҳар бир ҳукмдор нимадир қўшарди. Энг асосий қурилишлар эса Муҳаммад Раҳимхон II даврида бўлган. Аммо саройда доимий яшаган, унга қаттиқ меҳр қўйган ҳукмдор Асфандиёрхон ҳисобланади.

Асфандиёрхон Хивани 8 йил бошқарди ва подшолигининг илк кунидан то охирига қадар Нуруллабойда яшади. Шунга монанд ўзига ҳашаматли қабуллар уйи қурдирди, барча зиёфату маишатларини Нуруллабой саройида ўтказди.

Асфандиёрхон қурдирган қабуллар уйи

Аммо тахт ва сарой Асфандиёрга бахт келтирди, деб айтиш анча қийин. Унинг асосий таянчи вазири аъзам Исломхўжа эди. 1913 йилда вазир сирли равишда ўлдирилади. Орадан кўп ўтмай Асфандиёрхоннинг вориси, 12 ёшли шахзода Темур Ғози Тўра ҳам фитна қурбони бўлади. Бу икки ўлим ҳақида ҳозирга қадар турли миш-мишлар юради.

Айтишларича, шахзода Темур Ғози харамда бегона эркакнинг овозини эшитиб қолади. У дарҳол отасига хабар беради ва харамда тинтув ўтказилади. Соқчилар паранжи ёпинган эркакни қўлга оладилар. Аммо у қанча қийноққа солинмасин, харамга қандай кириб олгани ва кимнинг олдига келганини айтмасдан вафот этади. Садоқатни қаранг...

Нуруллабой саройидаги харам

Орадан кўп ўтмай канизаклардан бири шахзода Темур Ғози Тўрага захар бериб ўлдиради. Шу тариқа хонликнинг таянчи бўлмиш вазир сиёсий ўйинлар туфайли, умиди ҳисобланган валиаҳд шахзода эса маиший фитна сабаб вафот этади. Айтишларича шундан сўнг Асфандиёрхон умидсизликка тушиб, маишатга муккасидан кетган экан.

Унинг ўлими ҳам худди ўғли ва вазириники каби бўлди. 1918 йилда Асфандиёрхон ўзи қурдирган ҳашаматли қабуллар уйида, ўзи ясаган ханжар билан ўлдирилади. Туркман ёвмутлари сардори Жунаидхон фитна уюштиради ва хоннинг юрагига тиғ санчилади. Тақдирнинг аччиқ кинояси шундаки, Асфандиёрга урилган ханжарни унинг ўзи ясалган ва Жунаиднинг ўғлига совға қилган эди.

Асфандиёрхон. Тарихий фото

Шундан сўнг орадан кўп ўтмай Хоразмни шўролар босиб олади ва хонлик тугатилади. Тарихимизнинг бир бўлаги бўлмиш сарой эса йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолади. Шўролар даврида ундан турли мақсадларда фойдаланилган – канцелярия, омбор ва хатто отхонага айлантирилган. Нуруллабой мадрасаси эса тунги дискотека ўтказиладиган жой эди.

2016 йилда давлат бошқарувига Шавкат Мирзиёев келгандан сўнг бошқа соҳалар каби тарих ва туризмга ҳам алоҳида эътибор берилди. Хусусан, давлат рахбарининг 2017 йилдаги ташаббусига асосан «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» Акциядорлик жамиятига Нуруллабой саройини реконструкция ва реставрация қилиш топширилди.

Банк маблағлари ҳисобидан мажмуа тўла қайта таъмирланди. Президентнинг туризмни янада ривожлантириш борасидаги қарорлари ва 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида саройда халқ ҳунармандлиги намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Асрни қаритган меъморий обида аслиятни сақлаган ҳолда тамомила янгиланди ва яна асрлар давомида авлодларимиз ва сайёҳларни ўз кўриниши, салобати билан ҳайратга соладиган кошонага айланди.

Ичан қалъадаги кўкка бўй чўзган Исломхўжа минораси шаҳарнинг ўзига хос рамзи саналади. Бугун бу рамз ёнига Нуруллабой мажмуаси ҳам қўшилди ва бу атама дунёнинг барча тилларида талаффуз қилиниб, ўзига хос тарғибот воситасига айланди. Бир вақтлар, икки аср муқаддам Нуруллабой исмли савдогар ўз боғини хонга сотиш орқали машҳурликка эришишни мақсад қилган эди. У ўз ниятига батамом етганини энди бемалол айтиш мумкин.

Нуруллабой саройи орқали қадим Хива яна бир битмас-туганмас миллий бойлик эгасига айланди. Ўзмиллийбанк бизга тарихимизнинг бир қисмини қайтариб берди...

Зафар ҚОСИМОВ, Фаррух АЛИЕВ
Тошкент - Урганч - Хива

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг