Бойсундаги «оловли майдонлар»: вазирлик расмий баёнот билан чиқди
![Бойсундаги «оловли майдонлар»: вазирлик расмий баёнот билан чиқди](https://static.xabaruz.com/crop/2/6/720_460_95_2673726971.jpg)
Тармоқда Бойсундаги газ конида оловли майдонлар ҳосил бўлгани тасвирлари тарқалди.
Энергетика вазирлиги хабарига кўра, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони ҳудудида кичик ҳажмда тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилмоқда.
Вазирликнинг таъкидлаб ўтишича, ҳудудда ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар кузатилмаган.
Бугунги кунда 2024 йил сентябрь ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу ерда доимий мониторинг юритиляпти.
604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган.
Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат.
Ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради.
Режалаштирилган консервация ва профилактика ишлари мазкур технологик жараённинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар бошқача талқин қилиши мумкин бўлган бир қатор операциялардан иборат. Бунга ҳолат бўйича тарқалган видеолавҳа яхши мисол бўла олади, дея хулоса қилинади Энергетика вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 сентябрь куни Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сон қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сулфид) гази сизиб чиқиши кузатилган эди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, техноген фалокат қайталаниб, бир неча киши ҳалок бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter