Бош прокурор 2018 йилда жами 477 мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилганини маълум қилди
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2018 йилдаги фаолиятига оид ҳисобот берди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
- 2018 йилда келиб тушган жами 477 минг 495 мурожаатнинг 291 минг 413таси бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 270 минг 92 нафар фуқаро қабул қилинди, - деди Отабек Муродов. - Прокуратура органларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан 100 мингдан зиёд мурожаат тушган бўлса, 98 мингтаси (93 фоизи) прокуратура органларининг ўзида ҳал этилиб, 37,7 фоизи қаноатлантирилди, 50,3 фоизига тушунтириш берилди.
Мурожаатларни кўриб чиқишда асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини амалда тиклашга қаратилган. Бу борада: 11,4 миллиард сўмлик иш ҳақи, пенсия, алимент ва бошқа тўловларни олишда амалий ёрдам кўрсатилган.
Ноқонуний ҳужжатларга 1,5 мингга якин протест келтирилди, қонунбузишларни бартараф этиш ҳақида 539 тақдимнома киритилган. 11,8 миллиард сўмлик зарарни ундириш ҳақида судларга 960 ариза киритилган.
Кўрилган таъсир чоралари натижасида 1,5 мингдан зиёд шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонунбузиш ҳолатлари бўйича 261 жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратуранинг мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш Маркази (Call-centre) билан 56 вазирлик ва идоралар ўртасида йўлга қўйилган тизим орқали мурожаатлар ҳал этилиши устидан электрон назорат олиб борилмоқда.
Марказга тушган 102 мингга яқин мурожаатдан 18,5 мингга яқини қаноатлантирилди.
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги конун ижроси юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 1 минг 623 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди ва 1 минг 230 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Умуман олганда, ўтган йилда 106 минг 179 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Қўпол қонунбузиш ҳолатлари бўйича 1 минг 348 жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter