Боласини ўлдирганни ваҳший деймиз... Ногирон фарзандига қараган онага эса иш стажини ҳисобламаймиз
Қўқон шаҳри «Сунбула» маҳалла фуқаролар йиғини Саркор кўчаси 27-уйда яшовчи Сайёра Ботирова тўрт қиз ва икки ўғилнинг онаси. Турмуш ўртоғи Ботиров Адҳамжон устачилик билан шуғулланади. Оилада битта ногирон қиз катта бўлмоқда.
– Иккинчи фарзандимиз Санобархон Ботирова 1984 йил 31 майда туғилган. Дунёга келганида тўрт мучаси соғ эди. 1985 йили иккинчи – полиомиелитга қарши эмлашдан кейин бир кун ичида оёқлари кутилмаганда орқасига қайрилиб, кўкраги олдинга бўртиб чиқди. Қўллари эса буралиб, ҳеч қаери ишламай қолди, — дейди Сайёра опа кўзларига ёш олиб. – Кўрсатмаган жойимиз қолмади. Тошкентга ҳам олиб бордик. Профессорлар бу бола ногирон бўлиб қолибди, доимий муолажалар олиб турилса, эҳтимол яхши ҳам бўлиб кетар, аммо умид йўқ дейишди. Биз эса умидимизни узмадик. Ўн беш ёшга тўлгунча Тошкент шаҳрига икки-уч ойда бир даволатиш учун доимий қатнаб турдик. Кейин эса бунга қурбимиз етмай қолди-да.
– Қизингиз тузалиб кетмадими?
– Афсуски, йўқ. Эмлашдан кейин фожиали жабр чеккан кам сонли оналарданман. У организмга турлича таъсир қилиши мумкин экан. Мен шифокор эмасману, лекин оғир фактни бошимдан ўтказдим. Эмлашни соғлом болага қилиш керакдир, муддати ўтмаганини қилиш керакдир. Нимжон ва касалманд болага қилишдан тийилинглар дейман оналарга. Эмлаш шифокорнинг вазифасидир, аммо она жиндай ҳушёр бўлиши керак экан. Азоби келганида ҳеч ким ёрдамга келмайди. Касал бўлиб қолмасдан олдин ўн ойлик болам хонтахта атрофида айланиб, эркин юрарди. Оғзига печенье солиб берсак ер эди, ўтирарди. Қўзимиз қувнарди, дилимиз яйрарди, мунчоқдай бир қизим бор эди. Ўзининг ёшига барча ҳаракати мос-монанд эди.
– Дори-дармон қийнаб қўймаяптими?
– Ўзи эрталаб яхши гапириб туради, тушдан кейин бирдан гапини тушуниб бўлмай қолади-да. Тили айналмай, имо-ишора қила бошлайди. Қизим ҳозир 1-гуруҳ ногирони. 336 минг сўм нафақа олади. Ваҳоланки, даволатиш харажатларига 400 минг, айрим ойларда эса 500 минг сўм кетиб қолаяпти. Ўзи мустақил ўтира олмайди, қўли умуман ишламайди. Ҳозир буйраги ва юрагида оғриқлар кучайди. Туриб-туриб бошимнинг орқаси қаттиқ оғрияпти, онажон дейди. Олти ёшида ногиронлик аравачасини олиб берган эдим, 2017 йил яна янгироғини олдик. Илгари, қизларимни узатмаган чоғимда биргаликда аравачага ортиб беришса, кўчаларни айлантириб келар эдим. Учта қизни узатиб юбордик. Эркаклар эса доим ишда. Кечки пайт келишади. Катта ўғлим Акбар Ботиров бизни боқаман деб Туркияга кетган. Мебел фабрикасида ишлаяпти. Уйланган. Келиним тикувчилик цехида ишлайди. Иккинчи ўғлимни ҳали уйлантирмаганман. Ишсиз, коллежни тугатган.
– Хонадонингизга кирган республика ишчи гуруҳига буларни айтдингизми?
– Боланинг аҳволини ўз кўзлари билан кўришди. Менга чуқур хайрихоҳлик билдиришди. Уйни таъмирлаш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатма беришди. Бир марталик моддий ёрдам беришди. Муаммоларни бир амаллаб ўзим ҳал қилиб оламан.
– Балки таклифингиз бордир?
– Агар бизнинг таклиф фикр ўрнига ўтса албатта бор. Мана мен 1980 — 2005-йилларда кўнчилик заводида ишлаб, 25 йиллик иш стажига эгаман. Ўзи пенсияга эллик ёшдан имтиёзли равишда чиқишим керак эди. Аммо 2012 йилда пенсия жамғармаси бунга қарши бўлди ва пенсия тайинлашни рад қилди. Сизнинг стажингиз уч йилу бир ой ва истаган жойингизга бориб мурожаат қилаверинг дейишди. Шундан кейин адолат истаб бу ташкилотнинг ўша вақтдаги бошлиғи Равшан аканинг, фамилияси эсимда қолмабди-да, олдига кирдим. 30 йил касал боқдим, ахир давлатнинг менга бирорта имтиёзи бордир, болам дедим. Олтита болангиз бор экан, ўзлари боқиб олишаверади, сизга ҳеч қандай имтиёз йўқ, олтмиш беш ёшингизда ҳам пенсия тайинланмайди, хонани бўшатиб қўйинг, вақтимни кўп олманг деди.
– Бу бўйича судга мурожаат қилмадингизми?
– Қилдим албатта. Ёмон ўтиб кетди. Тошкентдаги депутатга ёздим. Улар аризамни Фарғонага ўтказишибди. Улар ҳам шаҳар чиқарган қарорни маъқуллаб беришди. Натижа бўлмади. Прокуратуранинг 007 ишонч телефонига чиқдим. Қўқон прокуратурасига чақиришди. Менга иш стажим етмагани сабабли ёрдам беришингизни сўрайман деб ариза ёздириб олишди. Сизга ёрдам қиламиз дейишди. Аммо ҳеч қандай ёрдам бўлмади. Ўртада қизим жуда оғир бўлиб қолди. Уч йил ётиб берди. Ёнидан қимирлолмай қолдим.
– Муаммо ечим топмадими?
– Мирзиеёв келмаса топмай ётувраркан. Ўзи шу инсон халқнинг дардига малҳам бўлиб келди. 2016 йилнинг охирида президент порталига мурожаат қилдим. Бугун мурожаат қилган бўлсам, эртаси куни эрталаб пенсия жамғармасидан вакил етиб келди. Улар меҳнат дафтарчамни нотўғри юритгани учун кўнчилик заводини судга беришди. Суд менга 12 йил стаж қўшди, шундан кейин жами 15,5 йил иш стажига эга бўлдим. 2017 йил март ойида мени пенсияга чиқаришди.
Ҳозир 340 минг сўм пенсия оламан. Аммо таклифим ўзим учун эмас, биз каби қийналган оналар учун. Касал фарзандимга қараган 33 йиллик даврим-чи? Бу меҳнат стажимни ҳисоблаш учун асос бўлмайдими? Пенсия катта бўлганида ҳеч ким норози бўлмасди-ку. Ўн олти ёшгача бўлган болаларнинг ногиронлик нафақаси бир хил қилиб белгиланган. Ундан кейин гуруҳларга ажратилган ҳолда тўланади.
Биринчи гуруҳ ногиронининг ёнида қаровчиси бўлмаса бўлмайди. Унга бутунлай бошқа парвариш керак. Аслида бу тоифа ногиронларга қаровчи яқинларга қонунда қандайдир имтиёзлар яратилиши керак эмасми? Илгари молия вазирлиги рухсат бермайди дейишарди. Ўша валломатларнинг ўзи кимлигини президент ҳам билиб юрган экан. Келгандан олиб ташлади. Майли, пулни тежаш керакдир, лекин ижтимоий ёрдамга муҳтожлардан тежалгани юқармиди? Ногирон боққан айбдорми?
Ўзингиз соғлом ақлга ўйланг, икки ёшли ногирон бола билан ўн етти ёшли 1-гуруҳ ногиронининг эҳтиёжлари бир хилми? Жуда катта фарқ қилади-ку. Ўн олти ёшга тўлмаган болани бемалол кўтариб қарашингиз мумкиндир, ундан кейин-чи? Қаровчи одамга талаб янада ортади, қийинлашади. Уларнинг борган сари касаллиги кучайиб боради ва харажати ҳам ортаверади. Балки очилаётган ижтимоий дорихоналарда ногирон шахсларга катта чегирмаларда дори-дармонларни беришни йўлга қўйиш керакдир.
Мен имтиёз учун эмас, Оллоҳнинг ажри учун ишлаяпман. Лекин қонунлар адолатли ва ижтимоий йўналтирилган бўлиши керак. Агар худо кўрсатмасин, авжи йигирма ёшида бир инсоннинг боласи 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолса-ю, агар она унинг ёнида доимий бўлса (бирор жойда ишламаса), иш стажига эга бўла олмайди. Фақат олтмиш ёшга тўлганидан кейингина энг кам ойлик иш ҳақи билан пенсияга чиқиши мумкин. Бу эса содда қилиб айтганда, ҳеч нарсасиз қолдинг дегани.
– Демак, ноиложликдан ногиронлар уйига олиб бориб топширишадими? Сизнинг хаёлингиздан ҳам ҳеч шундай фикр ўтганми?
– Янги келинлик давримда бир-иккита «ақлли одам» менга шундай таклифни ҳам айтган. Болани ногиронлик уйига бериш сира хаёлимга келмаган. Унга қаттиқ боғланиб қолганман, жуда яхши кўраман. Мен меҳр ичида яшадим. Қайнотам-қайнонам ҳам менга жуда катта ёрдам беришган. Қариндошларимизнинг барчаси қизимни йўқлаб туришади. Шу қиз нимани хоҳласа, кўнгли ўксимасин деб муҳайё қиламиз. Егани нон топилмаса ҳам отаси албатта дори олиб келади.
Баъзан кимдир ақли етмай масхара қилади, кимдир ҳазар қилади. Шукри йўқ, тарбияси йўқ аёллар соппа-соғ боласини ўлдираётганини кўрсам, ўшанинг ўзини ўлдириб қўйгим келади. Яқинда Андижонда ўз боласини бўғиб ўлдирган аёлни эшитиб, ўзимга келолмай юрибман. Унинг виждони йўқ, Оллоҳнинг қаҳрига учрайди. Аёллик шаънига доғ туширмайлик. Бўриям боласини оғзида тишлаб асрайди, муҳофаза қилади. Ҳайвондан ҳам баттар бўлиб қолмайлик.
Аммо ота-онадан кейин ногирон фарзандларнинг тақдири қандай кечади?! Бу мени кўпроқ ташвишга солмоқда. Агар шуни ўйласам, юрак бағрим эзилиб кетади. Биз ота-оналар фарзандларимизни, ака-укалар, опа-сингилларни бир-бирига оқибатли қилиб тарбиялашимиз керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter