Болалар ўқишга таксида қатнамоқда. Пул кўплигидан эмас, мажбурликдан!
«Ҳазорасп-Бўстон» йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмагани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Бўстон қишлоғи Ҳазораспнинг Амударё соҳилига туташ, марказдан олисроқда жойлашган ҳудуд саналади. Бу ерда 10 000 га яқин аҳоли истиқомат қилади.
- Кўпчилик болалар туман марказидаги мактаб-интернатлари ёки касб-ҳунар коллежларига таксида қатнаб ўқишади. Такси йўл кира ҳақи эса қиммат. Агар қишлоғимизда автобус қатнови йўлга қўйилса, ёшларимиз учун катта бир имконият яратилган бўлар эди, - дейди «Қовунчи» маҳалласида яшовчи фуқаро Г. Қадамбоева.
Бир пайтлари ушбу ҳудудга «Ҳазорасп-Отов» йўналишида автобус ва маршруткалар қатнаган экан. Отов – Бўстон қишлоғига қўшни бўлган Боғот туманига қарашли ҳудуд. Бундан келиб чиқадики, Боғот туманининг Қипчоқ, Бўка ва Тўпчи маҳаллаларидан ҳам ўғил-қизлар Ҳазорасп туман марказига қатнаб ўқишади. Шунингдек, бу ҳудудда марказга ишга қатновчилар ҳам талайгина.
- Одам дегани исссиқ жон. Кимдир касал бўлиб шифохонага қатнайди. Кимдир ётиб даволанаётган яқинларини кўргани боради. Автобус йўқлигидан оддий халқ жуда қийналади, - дейди яна Г.Қадамбоева.
- Автобус қатновини йўлга қўйишни талаб қилиб, бир неча йилдан буён тегишли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб келамиз, - дейди боғотлик фуқаро Н. Рўзимов.
– Олдинига фақат Ҳазорасп туман марказида бозор бўлиши инобатга олиниб, сешанба, пайшанба, шанба ва якшанба кунлари автобус қатнови йўлга қўйилди. Шунисига ҳам рози эдик, аммо бу қатнов ҳам тўхтатиб қўйилганига 5-6 йил бўлди.
Ҳазорасп тумани Қовунчи маҳалласи фуқаролари билан суҳбатлашганимизда улар сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар билан бўлиб ўтаётган учрашув ва қабулларда бу масалани кўп бора ўртага ташлашганини очиқлашди. Бироқ бу талаб ва таклифларга жиддий эътибор қаратмаётгани боис муаммо очиқлигича турибди.
Э. Бахт
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter