Боку ва Самарқанд ўртасида авиақатнов йўлга қўйилди
Озарбайжон пойтахти Боку ва Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри – Самарқанд ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилди. Озарбайжоннинг «Azal Airlines» авиакомпаниясига тегишли ҳаво кемаси 5 октябрь оқшомида Самарқанд халқаро аэропортига келиб қўнди.
Самарқандда илк йўловчилар ва «Azal Airlines» вакилларини вилоят ҳокимлиги, Озарбайжон миллий маданият маркази, Uzbekistan Airports ва Air Marakanda авиакомпаниялари масъуллари кутиб олди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов янги авиақатнов Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик муносабатларини янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
«Azal Airlines» ширкати матбуот котиби Нармин Халилова Ўзбекистон гавҳари саналган Самарқандга парвоз йўлга қўйилишини тарихий ҳодиса деб баҳолаган.
Боку ва Самарқанд ўртасидаги парвозлар ҳафтада икки марта – сешанба ва жума кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси маслаҳатчиси Баҳром Ғоипов Trend нашрига берган интервьюсида икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини ошириш, жуғрофиясини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилган. Бу борада Ўзбекистоннинг Бухоро, Хива шаҳарлари ва Фарғона водийси, Озарбайжоннинг Фузулий ва Ганжа шаҳарлари истиқболли йўналишлари экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, «Azal Airlines» компанияси томонидан Бокудан Тошкентга ҳам мунтазам қатновлар йўлга қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter