Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Боғчадаги бўшлиқ қачон тўлади?

Боғчадаги бўшлиқ қачон тўлади?

Фото: «darakchi.uz»

— Кейинги пайтларда мамлакатимизда кўп йиллардан буён эътибордан четда қолиб келган мактабгача таълим тизимини такомиллаштиришга доир ишлар одамларнинг кўнглидаги гап бўлди-да, — деб қолди бир танишим. — Айниқса, Президентнинг қишлоқда вояга етаётган фарзандларимизга ҳам болалар боғчаларида барча қулайликларни яратиб бериш ҳақидаги ташаббуси ота-оналарни қанчалар қувонтирган эди. Афсуски, бундай хайрли ислоҳотлар биз истиқомат қилаётган Самарқанд тумани Оҳалик қишлоғидаги 12- ва 6-мактабгача таълим муассасаларигача етиб келмаган. Ёки ушбу боғчалар мутасаддиларнинг эътиборидан четда қолган...

Куюнчак суҳбатдошимиз мазкур таълим муассасаларидаги аянчли ҳолатлар ҳақида сўз юритар экан, яқинда ўзи гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб берди.

— Яқинда оилавий шароит сабаб 12-мактабгача таълим муассасасидан фарзандимизни эртароқ олишга тўғри келди. Бу айни туш вақтига тўғри келганлиги боис болалар ухлашга ётқизилган экан. Болалар ётоқхонасига кўзим тушди-ю ҳайратдан қотиб қолдим. Не кўз билан кўрайки, ўн-ўн беш чоғли бола оёқости, полнинг устида қатор бўлиб ухлашарди. Ахир бу болалар кимнингдир кўз қорачиғи-ку! Бундан ота-оналар хабардормикан, соҳадаги «каттакон»лар-чи деган савол ич-этимни кемирди. Ахир Президент соғлом ва баркамол авлод камолотига шахсан ўзи ғамхўрлик кўрсатаётган бир пайтда бундай манзарага томошабин бўлаётган қуйи тизимдаги раҳбарлар нима билан банд экан?!

Муаммонинг юки болаларга(ми?)

Самарқанд тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 12-мактабгача таълим муассасаси тоғ-ён бағирлари билан туташиб кетган қишлоқда жойлашган. Мазкур ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг фарзандлари шу даргоҳда таълим-тарбия олишади. Муассаса 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда унда 100 нафар бола тарбияланмоқда. Кейинги пайтларда ота-оналарда фарзандларини болалар боғчаларига бериш иштиёқининг ортганлиги боис бугунги кунга келиб муассасада тарбияланувчилар сони кўпайиб, шарт-шароитлар талабга жавоб бермай қолган. Тўртта гуруҳдаги болалар шароитлари ҳаминқадар бўлган иккита хонага жойлаштирилган. Натижада суҳбатдошимиз айтганидек, кимларнингдир азиз фарзандлари полда ётиб ухлашига тўғри келмоқда. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида таълим муассасаси мудири билан суҳбатлашдик.

 — Тўғриси, муассасада бундай вазият юзага келганидан ўзим хижолатдаман, — дейди мудир Дилдора Исломова. – Боғчамизда жой ҳам, жиҳозлар ҳам етарли. Аммо хоналарда таъмирлаш ишлари бораётганлиги сабабли тўртта гуруҳнинг болалари иккита хонага жойлаштирилган эди. Ҳақиқатан ҳам жой етишмаган болалар полга жой қилиб ётқизилган. Бу вақтинча албатта. Хоналар таъмирдан чиқарилгач улар ўзларининг хоналари ва алоҳида ётоқ жойларига эга бўлишади.


Чамаланаётган келажак

Халқимизда «Бола тарбияси бешикдан» деган нақл бежиз айтилмаган. Шу боис таълимнинг илк босқичига алоҳида эътибор қаратилиб, керак бўлганида халқаро тажрибаларни оммалаштириш лозимлиги эътироф этилмоқда. Шу ҳудудда фаолият кўрсатаётган 6-мактабгача таълим муассасасидаги аҳвол ҳам 12-боғчаникидан қолишмайди.

Муассасадаги моддий-техник база, замонавий шарт-шароитлар ҳақида гапирмайлик. Ходимларнинг бола тарбияси йўлидаги лоқайдликлари асло кечириб бўлмас ҳолат. Бола сонини ошириш мақсадида 70 ўринга мўлжалланган боғчага 100 та бола қабул қилинган. Аксарият гуруҳларда машғулот хонаси билан ётоқ жойлар битта хонада ташкил этилганлиги учун палапартишлик юзага келган. Қизиғи, тизим учун дастуриламал бўлган «Болажон» таянч дастури ҳақида бирорта ҳам тарбиячи етарли билимга эга эмас. Айни пайтда юз нафар болани ўз қучоғига олган ушбу таълим муассасасидаги аҳволдан наҳотки тизимнинг туман, вилоятдаги раҳбарлари бехабар бўлса?!

Энг ачинарли томони шундаки, муассасада болаларнинг соғлиғини назорат қилиш, уларга зарур ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш учун умуман шарт-шароит йўқ. Тиббиёт ҳамшираси муассаса раҳбарининг хонасида ўтириб ишлайди. Белгиланган тартиб-қоидалар бўйича ҳар куни эрталаб тарбияланувчиларнинг ҳарорати махсус ускуна орқали ўлчаниши, оғиз бўшлиғи текширилиши лозим. Аммо муассасада зарур тиббий асбоб-ускуналар йўқлиги туфайли ҳамшира томонидан чамалаб текширувдан ўтказилиб қабул қилинмоқда. Ушбу ҳолатга ҳамшира имконият ва шароитдан келиб чиқиб иш юритаётганини эътироф этди.

— Таълим муассасасига яқинда раҳбар бўлиб келганман, — дея гап бошлади муассаса мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Нодира Ғаниева. – Бу ерга келганимда муассасага бор-йўғи 17 нафар бола қатнар эди. Ота-оналар билан олиб борган мулоқотларимиз самара бериб бугун тарбияланувчилар сони юзтага етди. Ташкилий ишлар билан бўлиб тарбиячиларнинг билимига эътибор бермабмиз. Насиб этса келгусида бу масала бўйича ҳам жиддий ишлаймиз. Тиббиёт хонаси, зарур тиббий асбоб-ускуналар муаммосини ҳам бартараф этиш чораларини кўрамиз. Фарзандларимизнинг ҳар томонлама ривожланиши учун ходимларимиз сидқидилдан ишлашлари лозим.

Аслида ота-оналарга катта ваъдаларни бериб, муассасада бола қамровини ошириш орқали ташкилот ҳисобига пул тушириш учун қайғураётган боғча опалар аввало болаларга қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг саломатлиги ҳақида ташвишлансалар фойдадан холи бўлмайди. Зеро, шунда билимли, соғлом ва баркамол авлод шаклланади. Билмай қолибмиз, кўрмай қолибмиз деган баҳоналар бола тарбияси учун муҳим аҳамият касб этадиган соҳада ўтмайди.

Режалар бисёр, улар қачон амалга ошади?

Самарқанд тумани мактабгача таълим бўлими мудири Дилфуза Азизова билан тизимда қилинаётган ишлар ҳақида анча суҳбатлашдик. Хусусий секторни ривожлантириш юзасидан туманда олиб борилаётган ишлар яқин келажакда самара бериши тўғрисида ўз фикрларини билдирди. Кадрларни танлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида ҳам тизимли режалар ишлаб чиқилганини эътироф этиб, муаммоларга ечим топилаётганини таъкидлади. Юқоридаги мактабгача таълим муассасаларида юзага келган муаммолар ҳам тезда ҳал этилишини билдирди.

Ишондик.

Ишониб тўғри қилдикми-йўқми, вақти келганда билиб оламиз.

Шуҳрат Қаршиев, «Жамият» мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг