Боғча болалари заҳарланиши ортидан 3 киши ишдан ҳайдалди
Бекобод туманидаги 15-боғча мудираси Моҳира Рахматуллаева, ошпаз Шоҳида Қахрамонова ва ҳамшира Мавлуда Эргашева лавозим мажбуриятларини бажармагани ва лоқайд хатти-ҳаракати натижаси оқибатида болалар соғлиғига зарар етказилгани сабабли ишдан бўшатилган.
Мактабгача таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги 15-боғча тарбияланувчиларида кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритнинг келиб чиқиш сабабларини батафсил ўрганиб чиққан.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика ДСЭНМ хулосасига кўра, болаларда кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритга таом тайёрлаш технологиясининг қўпол тарзда бузилиши, номувофиқ таомнома ҳамда овқатланиш бўлими ва боғчанинг бошқа ходимлари (тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчилар) томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмагани сабаб бўлган.
27 сентябрдан 6 октябргача боғча фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Ташкилотда умумий тозалаш, дезинфекция тадбирлари ва боғчадаги санитария-техника воситаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ходимларга санитария нормалари ва қоидалари бўйича 3 кунлик ўқиш ташкил этилган.
Боғча бугун, 7 октябрдан ишга тушган ва тарбияланувчиларни яна қабул қила бошлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter