Бир қаричи ҳам бемақсад қурилмаган — Сардобадаги янги уйлар ҳақида
Тунов куни эди, Жиззах томонларга йўлим тушиб қолди. Бахтдан Оқ олтинга олиб борадиган йўлнинг адоғига етай деганда кўринган манзарага чалғиб қолибман, ён-атрофдаги машиналарнинг сигналидан ўзимга келдим. Ҳа, теп-текис жойда бирдан шаҳар пайдо бўлиб қолса ҳамки, йўлдан чалғиш яхши эмас.
Манзара эса ҳақиқатан ҳам ўзига тортадиган эди. Бунақасини Тошкентда кўравериб ўрганиб кетгандирсиз, аммо дала-даштда, бўлиб ҳам чўлнинг ўртасида кўриш, бошқача бўларкан.
Яқиндагина сув балосини ўтказган, лой, балчиққа айланган жойларда мини-шаҳар барпо этишибди.Беш ойнинг нари-берисида.
***
Сардоба фожиасини ҳамма турлича эслайди. «Қушнинг ҳам ини бузилмасин» — бу гапни бизга кўп қаватли уйлардан иборат «Янги Ўзбекистон» маҳалласи раиси Бахтиёр Холқўзиев айтди. Сирдарё вилоятининг учта тумани — Мирзаобод, Оқ олтин ва Сардоба аҳли бу гапнинг маънисини ўз танасида синаб кўришди. Қушга ҳам раво кўрилмаган бало уларнинг бошига тушди — уйи бузилди.
Ҳилола Баҳодирова ҳам ўша куни сарсон бўлганлардан бири. Ҳозир у ўзлари учун қурилган янги маҳаллада кутубхоначи бўлиб ишлаяпти. Журналистлар унга савол беришди — шунча нарсани бошингиздан ўтказибсиз, нима ёдингизда қолди? Шунақаси бўлади-ку, тўғрими, инсон ҳаётида қандайдир ҳодиса рўй беради, аммо нимадир биринчи бўлиб ёдга тушаверади. Ўша нима?
— Одамларнинг оқибати! — деди Ҳилола. У бу гапларни чиройли табассум билан айтди. — Шу кунгача оқибат йўқолиб кетди, деган гап кўп айтиларди. Ўзимизнинг бошимизга иш тушиб кўрдикки, оқибат ҳеч қаерга кетмабди.
Ҳа, оқибатимиз йўқолмасин...
***
Сардобаликларга бутун мамлакат ёрдам берди. Давлат томонидан эса уйлари тўлиқ таъмирлаб, жиҳозлаб берилди. Хонадони батамом бузилиб кетганларга эса янгиси қуриб берилмоқда. Ўша, катта йўлдан ўтган борки, ҳамманинг диққатини тортадиган уйлар ҳам сув тошқинидан азият чекканларга аталган.
Қурувчиларнинг маълумот беришича, Мирзаобод тумани, «Янги Ўзбекистон» маҳалласида қад кўтарган уйларнинг Тошкент ситида қурилаётганидан мутлақо фарқи йўқ. Уй лойиҳаси маҳаллий аҳоли билан обдон муҳокама қилинган. «Хонадоннинг бир қаричи ҳам бемақсад қурилмади. Иситиш, ҳавони алмаштириш, табиий газ, электр, ичимлик суви, канализация — барчаси инобатга олинган. Уйлар ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши учун 7 сантиметрли муҳофаза қатлами билан қопланган», — дейди қурилиш ишларини олиб борган ташкилот раҳбари Исроил Исмоилов.
Шу ўринда савол пайдо бўлиши табиий: кўп қаватли уйлар тўрт-беш ойда қуриб битирилди. Унинг мустаҳкамлиги қай даражада?
— Бу бўйича ҳам муаммо йўқ, — дея жавоб берди мутахассис. — Уй қурилишида Тошкент ситида қурилаётгани каби ернинг зичлигини оширадиган технологиядан фойдаланилган. Ҳар бир уй пойдеворининг тагида бетон қозиқлар бор. Бу уйлар ҳар қандай тошқин ва 9 балли зилзилага бардош бериши кўзда тутилган. Сифат эса туркиялик мутахассислар томонидан текширилган.
***
Янги Ўзбекистон маҳалласида одамлар учун керак бўлган ҳамма нарса бор — болалар боғчаси, сартарошхона, новвойхона, кутубхона. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарёга ташриф буюрди ва янги уйларни кўздан кечириб, сув тошқинидан жабр кўрганлар билан учрашди. Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳли билан шундай ободликда, ёруғ юз билан кўришиб турганидан хурсандлигини билдирди.
— Охирги беш ойда ҳаммамиз синовдан ўтдик. Ҳамжиҳат бўлиб, матонат, меҳнат билан шароитни тикладик, янги уйлар, йўллар қурилди. Бугун бу ишларни кўриб, албатта хурсанд бўлдим. Лекин менга энг катта куч, қувонч берган нарса одамларнинг кайфияти бўлди, — деди Шавкат Мирзиёев.
***
Энди янги уйлар қандай тақсимланади? Шу вақтга қадар бу масала кўп кўтарилди. Маҳалла оқсоқоли Бахтиёр Холқўзиевнинг айтишича, ҳаммаси Халқ депутатлари кенгашида ҳал қилинади. Янги уйларни олишга номзодларнинг барчаси кўриб чиқилади ва ҳақиқатан муҳтож бўлганларга берилади. Шунингдек бузилиб кетган уйлари кадастрини тайёрлашга улгурмаганлар ва бошқалар ҳам кенгашда кўриб чиқилади. «Ҳаммаси имкон қадар ижобий ҳал қилинади», — деди оқсоқол.
Биз кўрган уйларда яшаш учун лозим бўлган ҳамма нарса бор. Унга фақат бир жиҳат етишмаяпти — одамлар. Ҳар қандай жой одамлар билан гўзал.
Насиб қилса яқин вақтларда уй тўйларини кўриш учун Сардобага қайтамиз...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter