Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир аёл таҳқирлаб ечинтирилди... Жамият қандай акс-садо берди?

Бир аёл таҳқирлаб ечинтирилди... Жамият қандай акс-садо берди?

Фото: «NewsNetwork»

Вақти-вақти билан мухбирлар тили билан айтганда «бомба»лар пайдо бўлади. Улар ахборот оламида шу даражада кучли портлаш содир этадики, ҳеч бир инсон таъсирланмай қолмайди. Каттақўрғонлик аёлнинг таҳқирлаб ечинтирилгани ва камига бу видеонинг оммага тарқатилгани, энг алам қиларлиси, бу ишни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимнинг ўзи амалга оширгани ана шундай «бомба» бўлди ва расмий ОАВни четлаб ўтиб, интернет оламида кучли акс-садо берди.

Фикрлар турли-туман, аммо битта нуқтада якдиллик бор — бу ҳақсизлик ва қонунбузарликка чидаб бўлмайди, жим турмоқнинг иложи йўқ!

* Овозим борича йиғлагим келаяпти. Ўзимизда ўзимизникилар шунчалик хўрлашса-я... Четда юрганларнинг ҳуқуқлари поймол бўлаяпти деб жар солмасак ҳам бўларкан.

Дилфуза Собирова, журналист

* * *
Ҳозир бир видеога кўзим тушиб қолди, уни охиригача кўриб бўлмайди, тарқатиб ҳам. «Озодлик» чиқарибди. Бизнинг милициямиз жиноятда гумон қилиб ўзбек аёлини ечинтириб, видеога олибди камига.

Бизни ҳимоя қилиши, қўриқлаши керак бўлган милициямиз аёлларимизни, опа-сингилларимизни, миллатдошларимизни ҳақорат қилаяпти, уларнинг иффати, ор-номусига тажовуз қилаяпти. Эҳтимол аёл жиноятчидир, аммо у бундай таҳқирга муносиб эмас!

Ҳой, бизни куну тун кузатаётган ИИВ мутасаддилари! Бу видеони ўрганиб чиқдингизми? Ходимингизга чора кўрдингизми ёки қарға қарғанинг кўзини чўқимайди қилиб кўз юмасизми бундай ҳолатларга? Қачонгача давом этади бундай ҳолатлар?

Самарқанд ва Каттақўрғон ўз услубида: бўлмаган, ҳеч ким, ёлғон. Одамлар эса Самарқанд ИИБдан эмас, балки вазирдан изоҳ кутаяпти. Жаноб вазир уйғондимикан?

Битта бузоқ подани булғайди дегандай милициядаги шунақа паразитлар ҳамма ислоҳотлар, уринишларни бир пулга чиқаради.

Бу масала лаънати милиционерни жазолаш билан якунланмаслиги керак. Ҳали жамиятда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми ва қонуний асослари шаклланганича йўқ. Кучайтириш, ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга давлат органлари ходимлари зиён етказадиган тирқишлар, йўллар қолдирилмаслиги керак.

Давлат хизматчиси фуқаро билан мулоқотга киришаётганда тарбияси, ахлоқи, шахсининг қандайлигидан қатъи назар қонун белгилаган меъёр ва мезонлар, чегараларни буза олмаслиги керак.

Иложи борича бундай мулоқотларни камайтириш, мулоқот жараёнини шаффофлаштириш, назорат ва айниқса жавобгарлик ва жазони қатъий ва ҳамма учун (ҳатто прокурорнинг жияни, замначалник милициянинг ўғлини ҳам четлаб ўтмаслиги шарт) муқаррар қилиш лозим. Акс ҳолда жамият, айниқса ожиз ва ҳимоясиз қатлам бўлган аёллар ва болалар бугунгидек қийноқ ва хавф ичида қолаверади.

Санжар Саид, блогер

* * *
Онанг демайман, зотан унда айб йўқ! Айби сен маразни туққани. Лекин қизинг шу кўйга тушсин!

Қамариддин Шайхов, «Qalampir.uz» сайти раҳбари.

* * *
Агар самарқандлик терговчини қамоққа тиқмасак Ўзбекистонда адолат йўқ. Воз кечиш керак бундай тизимдан.

Санжар Обид

* * *
Халқни номусда қолдирган, дунёга шарманда қилган мелиса халқ олдида суд қилиниши керак. Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман қани? Нега индамаяпти? Қонунда борми ечинтириш деган банд?!

Аҳад Жуманқулов

* * *
Каттақўрғондаги ҳолатлар жиддий ўзгаришларга сабаб бўлаяпти. Зора, бу ҳол ҳам камерага тушмай қолган кўплаб зўравонликларнинг олди олинишига туртки бўлса. Зора, шундан кейин давлат герби туширилган форма кийиб юрганлар давлатга муносиб бўлиб, муомала ва маданиятини тўғриласа... Зора...

Бекзод Иброҳимов, журналист.

* * *
Ўзбекистон маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Каттақўрғон воқеаси бўйича ўз позицияларини билдиришмайдими? Ахир бу воқеа инсон шаънини, маърифатини ва исломни топташ эмасми?! Ёки улар чуқур ва маъноли сукут сақлаб ўтиришаверадими? Халққа бирор нарса денг, тақсирлар, ҳамма жунбушга келган!

Азамат Тоштемиров

* * *
Ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар ўз мевасини бераяптими?

Азизбек Эгамбердиев

* * *
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азиз Анварович Тошпўлатов! Қўл остингизда яна қанча мана шундай мулозимлар ишлайди? Тезроқ ОАВ орқали ва ФБдаги постларга реакция қилиб жавоб қайтаринг. Ўша мулозимнинг жазосини Аллоҳ белгилаб қўйиб бўлди. Ҳайвонлар ҳам ўз авратини беркитиб юришга одатланган. Лекин инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланган бир пайтда бу ҳол юз бергани, айниқса аёл кишининг аврат ҳисобланган барча аъзоларининг тасвири пасткашларча оммага тарқатиб юборилгани ҳали ҳам ИИБда пасткаш инсонлар борлигини билдириб турибди. Президентимизнинг одилона олиб бораётган сиёсатига, давлат бошқаруви тизимидаги барча ходимларнинг шарт-шароитларини яхшилаб бериб, ойлик иш ҳақларини ошириб бергани, уй-жой билан таъминлаб қўйгани, машина билан таъминлаб қўйгани, замонавий алоқа воситалари билан таъминлаб берганига жавоб шундай бўлдими? Эҳ, қандайларга қолди бу тизим? Ҳаммага ўрнак бўлиши керак бўлган ходимлар ўзлари расво бўлиб турса, бошқалардан нимани кутиш керак?

Муҳриддин Усмонов

* * *
Самарқандда аёл таҳқирланган видеони ҳамма кўрди ва кўпчилик ўз муносабатини билдирди. Менимча, бу каби ишларнинг олдини олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча органларга телефон олиб кириш мумкин эмас деган қоидани бекор қилиш керак. Телефонни олиб қўйиб ичкарида нима ишлар қила олишлари мумкинлигини бу воқеадан кўрдик.

Нодирбек Алимов

* * *
Вояга етмаган шахсни хўрлаган, кети узилмай пора билан кўлга тушаётган, ҳуқуқларини талаб қилиб видеосъёмка килаётганларга ташланадиган, аёлларни сочидан тортиб, машинага жойлайдиган, мардикорнинг пулини шилаётган, аёлларни ечинишга мажбурлаб, таҳқирлаётган, ўзини «ичкарида» эркак ҳисоблаб, иложсиз одамларни хоҳлаганча хўрлайдиганлар бор экан, давлатимиз Россияга, Кореяга, Туркияга ишчилар етказиб беришда давом этади!

Шуҳрат Исматович

* * *
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун! Каттақўрғондаги мусибат халқники!
Нозимжон Ҳошимжон

* * *
Қишлоқдан бирор бечораҳол қариндошингиз келиб, икки кун меҳмон бўлиб қолса, учинчи кун сеникида ким яшаяпти деб югургилаб келишади. Шаҳар шевасида гапирмасангиз, бу келгинди экан деб хонасига олиб бориб, худди жиноятчини тутгандай сўроқ-тергов қилишади. Ҳақиқий жиноятчиларни тут қўлингдан келса, жимгина ишини қилиб юрган одам билан жиноятчини фарқлай олмасанг нима қиласан ватан герби туширилган формани кийиб гердайиб? Сен учун халқ ҳам, ватан ҳам, президент ҳам, давлат ҳам бир тийин экан! Ўз хавфсизлигини сендайларга ишонган одамлар аҳмоқ бўлиб юрган экан! Хўп, анави аёл ашаддий жиноятчи ҳам дейлик (ҳолбуки, унинг қилмиши судда узил-кесил аниқ бўлади), сен исқиртга уни хўрлашни, миллиардлаб нигоҳлар олдида шарманда қилишни ким қўйибди?
Элмурод Нишонов, журналист

* * *
Улар ўғри деб гумон қилинган аёлни эмас, бутун бошли миллатни, халқни, давлатни ечинтирибдилар. Қонунларимизни, оримизни, эркак деган номимизни оёқости қилибдилар... Ҳайф, ҳайф, ҳайф.

Расул Кушербаев, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати

* * *
Мен ҳалол меҳнат қилиб, ҳар ой давлатга 400-500 минг сўм солиқ тўлайман. Менга ўхшаганларнинг солиғига отнинг калласидек ойлик олиб яна халқни таҳқирлаётган бунақа ифлосларга қандай жазо берса ҳам барибир кўнглим жойига тушмайди. Гап фақат мана шу итда ҳам эмас. Соҳани қайта кўриб чиқиш керак.

Анвар Мустафо

* * *
Бу ички ишлар тизимининг ҳақиқий башараси. Тизимда бундан баттарлариям бор! Денгиздан томчи бу!..

Аҳмаджон Юсупов, журналист

* * *

«Битта тиррақи бузоқ» деб, бутун ИИВ тизими ходимларини айблаш нотўғридир?! Инсофли, пок, ҳалоллари ҳам жуда кўп-ку!

Мансур Абду

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг