Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байрам қилишни ўргандикми? Кечаги мушакбозликнинг қаери ўхшамади? (фото)

Байрам қилишни ўргандикми? Кечаги мушакбозликнинг қаери ўхшамади? (фото)

Фото: Xabar.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги кеча Ўзбекистон тарихидаги энг улкан мушакбозликни ўтказди. Бунақаси ҳали бўлмаган. Таассуротлар бир олам. Аммо ҳаммаси кутилганидек яхши ўтдими? Келинг, тадбирнинг яхши ва унчалик ҳам яхши бўлмаган томонлари ҳақида гаплашсак.

Фото: Шерзод Икрамутдинов

Аввало ижобий жиҳатларни санаймиз. Шубҳасиз байрамнинг энг катта ютуғи — юртимиздаги энг улкан байроқ атрофида ташкил этилгани бўлди. Афсуски биз ҳалигача байроққа бўлган меҳримизни очиқ-ошкор намойиш этишни билмаймиз ёки бунга ийманамиз. Охирги мисоллардан бири — яқинда Ташкент Ситида қурилаётган энг баланд бино борасида ўтказилган матбуот анжуманида Туркиянинг ÖzGüven қурилиш компанияси раҳбари Ўзгур Ўнур Ўзгувен ажойиб бир гап айтди: «Биз Ўзбекистон байроғини 266.5 метр баландликка кўтармоқчимиз!» Агар шу гап Туркияда айтилганда, залда шов-шув кўтарилган, чапак чалинган, анча муҳокама қилинган бўларди. Аммо биз анча камтармиз. Бу баёнот на ўша вақтнинг ўзида ва на кейинчалик ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Ваҳоланки у ерда Ўзбекистоннинг етакчи нашрларидан келган журналистлар ўтирганди.

Шундай экан, Ўзбекистон тарихидаги энг ажойиб тадбирлардан бири энг улкан байроқ атрофида ташкил этилгани — қувончли ҳолат. Байроғимизга эҳтиром кўрсатишни ўрганишимиз керак.

Байрамнинг яна бир жуда ёқимли томонига эътибор қаратсак. Охирги вақтларда ички ишлар идоралари ходимлари халққа яқинроқ бўлаётгани, имкон қадар ёрдам кўрсатаётгани қувончли ҳолат. Бу сафар ҳам ИИВ ходимларининг ишига шунчаки беш баҳо. Атрофда бирорта резина тўқмоқ ёки қалқон кўтарган ходимни кўрмадик. Борлари ҳам байрамга мос кийинган ва ҳаётга бўлган ишончни каррасига кўтариб юборар даражада хушмуомала. Болакайлар ходимларнинг мотоциклига ўтириб суратга тушяпти. Бунақасини аввал кўрганмисиз? Қарангки, «мелиса» зуғум қилиб турмаса ҳам тартиб сақланар экан, Халқлар дўстлиги майдонига келган бирорта одам ножўя иш қилганини кўрмадик.


Халқимиз ниҳоят байрам қилишни ўрганаётгани эса, ўта яхши ҳолат. Яшил майса устига чойшаб тўшаб ўтирган одамлар, ён-атрофда югуриб, ўйнаб юрган болакайлар — идеалдаги байрам шундай бўлиши керак. Кечаги оқшомда ўша идеални ниҳоят топдик.

Ва ниҳоят — мушакбозлик, ҳаммаси шунчаки супер! Бунақасини фақат томоша қилиш керак.

Фото: Шерзод Икрамутдинов


Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов

Энди байрамнинг нохуш томонларига назар ташлаш фурсати етди. Гарчи истамасак ҳам. Афсуски, шундай. Ҳозирча байрам ташкил қилишда ўрганадиган нарсамиз кўп. Энг аввало транспорт масаласида.

Тушунамиз, салкам ярим миллион одам йиғиладиган жойга транспорт масаласини ҳал қилиш осон эмас. Аммо боридан ҳам унумли фойдаланилмагани кишини хуноб қилади. Халқлар дўстлиги майдонига бориш учун энг қулай йўл, шубҳасиз — метро. Агар у сиз турадиган ҳудудга етиб борган бўлса, албатта. Талашиб-тортишиб, амалаб жетон сотиб олишингиз ва тиқилинчда бир амаллаб байрам бўлаётган жойга етиб олишингиз мумкин. Қайтишда эса бундан баттарига тайёр бўлинг.

Тарихдаги энг улкан мушакбозликни уюштириш яхши, аммо энг элементар тадбирларни кўриб қўймаслик жуда ёмон. Жетон сотиладиган кассаларни кўпайтириб қўйиш (иложи бўлса метродан ташқарига ҳам) ва поездлар қатновини жадаллаштириш жуда катта куч талаб қиладиган тадбир бўлмаса керак. Афсуски кечаги байрамга мана шу икки қусур катта доғ бўлиб тушди. Метродаги тиқилинчда айниқса ёш болалари билан чиққан оилалар қийналди.

Энди шундай тиғиз вақтда метро рейслари оралиғи салкам 7 дақиқа бўлиши — абсурд. Бахтимизга бирорта ҳам кўнгилсиз ҳолат рўй бермади. Аммо жуда ҳам бўлиши мумкин эди.


Кечаги байрамга чиққанлар тасдиқлашади, одамлар орасида қариялар жуда кам эди, ногиронлар эса деярли йўқ. Чунки уларнинг байрамга келиши учун етарли  шароит яратилмаганди. Байрам фақат оломон орасидан чиқиб кета олиш даражасида кучга эга одамлар учун бўлмаслиги керак.

Фото: Шерзод Икрамутдинов

Халқлар дўстлиги майдони атрофида одамлар тўпланиши учун жой етарли. Олий мажлис атрофида боғ-роғлар, майдонлар бор. Кечагидек байрамга чиққанлар шунчаки мушакбозликни кутмасдан, вақтларини кўнгилли ўтказишлари учун турли жойларда куй-қўшиқлар ташкил қилса бўлади. Ўшанда ҳамма тор жойга йиғилмасдан, атрофга ёйилган бўларди. Бундай катта мушакни икки километргача узоқликдан бемалол томоша қилса бўлади.

Халқимиз жуда автомобилсевар. Кимда машина бўлса, жамоат траспортига ўтиришни ёқтирмайди. Аммо мана шундай вақтда тарғиботга зўр берилса, нимагадир эришиш мумкин бўлар. Кеча атрофда бирорта ҳам автобус йўқ эди. Аммо «пробка»да турган енгил машиналарни истаганча топардингиз.
Телевидение, радио, ахборот сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали байрам куни жамоат транспортидан фойдаланиш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилса, балки бундай муаммолар юзага келмаган бўларди. Шаҳарнинг турли жойларига қатнайдиган автобуслар қаерга, қайси жойдан юришини ҳам аввалдан ОАВ орқали маълум қилиб қўйса бўлади.

Албатта буларнинг барчаси тўғриласа бўладиган ишлар. Муҳими, бу йилги камчиликлардан хулоса чиқариб, келаси йил керакли тадбирлар кўрилса бўлгани. Нима бўлганда ҳам, Мустақиллик — юртимиздаги энг ўзгача байрам ва тоабад шундай бўлиб қолиши лозим...

Зафар Қосимов




Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг