Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Азиз Абдуҳакимов эко-фаол ёшлар билан учрашди

Азиз Абдуҳакимов эко-фаол ёшлар билан учрашди

Битта дона олма мевасини етиштириш учун қанча сув кетишини биласизми? 70 литр! Эрталаб тиш тозалаш учун сувни оқизиб қўядиганлар қанча исроф қиладилар? 200 литр! Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов куни кеча эко-фаол ёшлар билан бўлган учрашувда мана шундай рақамларни санаб ўтди. Учрашувда юртимизнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 500 дан ортиқ талабалар ва бошқа ёш фаоллар иштирок этди.

Учрашувдан кўзланган мақсад вазирлик, идора ва ташкилотлар тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислар имкониятидан мақсадли фойдаланиш ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2024 йилда ташкилот тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишдан иборат бўлди.

Мулоқот аввалида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов соҳани ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилган имкониятлар тўғрисида маълумот берди.

Тадбирлар
Мамлакатимизда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда ёшларнинг иштирокини ошириш, улар ўртасида экотарғиботни кўпайтириш ҳамда ёшларни бир ғоя остида бирлаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2023 йил якунига қадар республикамиз бўйича ёш экофаоллар иштирокидаги тадбирларда жами 2 миллион 445 минг 300 нафар иштирокчи қатнашди.

Яшил макон
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси йўлга қўйилган ва бутун республикамиз ҳудудида дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Қувонарлиси, ёшларимиз бу жараёнда ҳам фаол қатнашишмоқда ва айнан ёш эко-фаолларимиз томонидан кўплаб дарахтлар экилди. Лойиҳанинг баҳорги ва кузги мавсумлари доирасида мамлакатни кўкаламзорлаштириш учун мевали ва манзарали дарахтлар экиш акцияларида ҳам ёшлар анча фаол бўлишди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан жами 8000 га яқин экофаол ёшлар иштирок этди.

Чиқиндиларсиз кун
«Халқаро чиқиндиларсиз кун» доирасидаги «плоггинг» тадбирларида 800 нафардан ортиқ ёшлар, аҳолини табиат қўйнида дам олишга чорлаш ҳамда улар ўртасида пикник маданиятини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган «Пикник маданияти» тадбирлари, «Экологик билимлар куни» муносабати билан ташкил қилинган плоггинг экоакциясида ҳам кўплаб ёшлар қатнашди. Плоггинглар давомида атроф-муҳит 2 тоннага яқин чиқиндилардан тозаланди.

Ёш экологлар
Ёшларнинг экофаоллигини ошириш, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишда уларнинг ўрнини, овозини мустаҳкамлаш мақсадида Халқаро биологик хилма-хиллик куни, «Ёшлар куни» муносабати билан тадбирлар, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги «Лочин» оромгоҳида «Ёш экологлар» ҳаракати қурултойлари, «Пикник маданияти» каби тадбирлар ўтказилди.

Экология соҳасидаги таълимни ривожлантириш ва мамлакатда экология ҳамжамиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида илк бор «EduCO Fest» ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Мазкур фестиваль ҳам ёшларимизнинг экологик онги ва масъулияти янада ошиб бораётганини кўрсатиб берди.

Green University
Шу ўринда Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети, яъни Green University’да ҳам бир қанча ёшларимиз экологик билимларини янада мустаҳкамлашмоқда. Келажакда бу ёшлар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё қитъасига дахлдор атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилишга муносиб ҳисса қўшишади.

Учрашув давомида соҳани янада ривожлантиришга оид ёшларнинг таклифлари ва ташаббуслари тингланди. Таъкидлаш жоизки, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилиш борасида қатор муҳим таклиф ва мулоҳазаларни илгари суришди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг