Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ахборот хуружига ким қарши туради?

Ахборот хуружига ким қарши туради?

Фото: «АИФ»

«Шундай бир ахлоқ ўрнатиш мумкинки, бу ахлоққа мувофиқ маданий ва таловчи давлатларнинг бошқа халқларга қилаётган ҳамма шармандали кирдикорларини, ҳатто Россия империясининг Туркистондаги йиртқичликларини ҳам тўғри қилиб кўрсатса бўлади!».

Фридрих Энгелс жуда топиб гапирган экан. Нега дейсизми? 29 майда «АиФ» газетасининг сайтида Россия империясининг Хивани «озод қилишга» қаратилган «муқаддас» юриши тўғрисида мақола чоп этилибди. Ҳа, нотўғри эшитмадингиз, мақола сарлавҳасиданоқ бу иддаони пайқаш мумкин: «Хива хонлиги бизники! Ўрта Осиё XIX асрда русларни умид билан кутган эди».

Эски касалликнинг янги хуружи

Унда қайд этилишича, хиваликлар узун соқолли, совуқ юзли, беўхшов кийим-бошларда юрадиган маданиятсиз бир халқ бўлган, шу боис Россия империяси ва Хива уруши тўғри маънода «тартиб ва тафаккур»нинг «ёввойилик» билан тўқнашувига қиёсланган, умуман — рус империяси қўшинлари қонли жанглардан кейин Хивага бир неча авлод орзу қилган «эркинлик»ни тақдим этган:

«...В случае с Хивинским походом мы видим совсем другую империю, но ровно тот же самый принцип. Столкновение «порядка и разума» с дикостью. В самом прямом смысле. Тот же Мак-Гахан был поражён, впервые увидев хивинцев: «Они все по большей части были среднего роста, худые и мускулистые, с длинными чёрными бородами и каким-то злым выражением в лицах. Их костюм кажется мне самым безобразным и неудобным из всех, какие я видал до сих пор. Одной шапки такого веса достаточно чтобы затормозить деятельность самой светлой головы; при виде этих чудовищных головных уборов отсталость их цивилизации стала мне вполне понятна...».

Номуҳтарам Константин Кудряшов (кимлигини сезгандирсиз)! Бу ўринда «ёввойилик» деганда нимани назарда тутаяпсиз? Аслида тўлғоқ тутаётган мазлуманинг кўксига ханжар уриш ёхуд кесилган бошлардан минора тиклаш ёввойилик эмасми? (Верешагин отли ҳамюртингиз Хивада бош суякларидан ҳосил бўлган тоғ суратини чизгани ёдингиздадир?!)

Ёки бундай қонхўрликлар ҳам — «ёввойи одамларни цивилизациялаштириш учун қилинган одилона хатти-ҳаракат» сифатида баҳоланадими? Умуман, рус генералларига энг мос таърифни ўзингизнинг шоирингиз Пушкин берган: «Юришларинг қора мараздай. Қавмларни ўлдирди, қирқди...».

Либос ҳақида гапиришга-ку умуман ҳаққингиз йўқ. Бизнинг аждодлар ўтлиғ босиб кийим кийишни одат қилганда ҳали кўпгина халқлар латта-путтага ўраниб юргани, «утюг» сўзи ҳам айнан «ўтлиғ»дан олинганини наҳот билмайсиз!?

Дарвоқе, дўстлар, сиз ҳам менга ўхшаб рус қўшинлари мамлакатимизга бу ердаги табиий ва маданий бойликларга эга чиқиш мақсадида кўз олайтирган деб ўйлаган, ўқиган бўлсангиз керак. Аммо чучварани хом санаб юрган эканмиз. Аслида улар юртимизга, хусусан, Хивага «эзгу» ниятда, тўғрироғи, хонликда «авж олган» қул савдосига «барҳам бериш» учун келишган экан:

«...Таковых было много. И даже очень много. Только в самой Хиве насчитывалось около 10 тысяч рабов. Позиция империи в изложении генерала Кауфмана была проста и лаконична: «Наше достоинство не допускает невольничества и торга людьми в стране...».

Сурбетлик бўлса, шунча бўлар-да! Россия империяси Хивага келишидан ўн йил олдин ҳам Россиянинг ўзида қуллик айни авжига чиққани, аҳолининг 50 фоизидан кўпроғи помешиклар ихтиёрида азият чеккани ёки деҳқонлар вояга етмаган қизларини оммавий равишда қул қилиб сотишганида жаноб Кауфман қаерда эди?

«Гулнора опа, бир қараб юборинг!»

Умуман, бу — рус империясининг Ўрта Осиёда гўёки «адолат» ўрнатганини «исботлаш»га қаратилган биринчи мақола эмас. Рус генералларининг бутун дунёда «қулликка барҳам бериш» мақсадида амалга оширган «шонли» юришлари ҳақида маҳаллий ОАВ тез-тез эслатиб туради.

Одамларни «биз ёввойи бир оломон бўлганмизу» бутун маданиятни бизга улар олиб келганига ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам ишонтириш ва эвазига доимо миннатдор бўлиб, қуллуқ қилиб яшашга ундашнинг, илмийроқ айтганда, кишилар онгини бошқаришнинг бундан яхши йўли бор эканми?

Узоқ йил «фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат» деб оғиз кўпиртариб келдик, аммо ўрганганимиз, «эплаганимиз» ахборот майдонида отилаётган найзаларга кўксимизни тутиб бериш бўлди. Балки ОАВлар, шунингдек жамиятнинг зиёли қатламини ахборий тўқнашувларга тайёрлаш, чиниқтириш ва ўз сўзини айтиш кўникмасини шакллантириш фурсати етгандир. Акс ҳолда найзалардан омон қолиш даргумон...

P.S: Сарлавҳа ҳақида. 2013 йилда Россиянинг РТР телеканалида Михаил Скобелев ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш қилинган ва унга биринчилардан бўлиб Гулнора Каримова ўз «Твиттер»и орқали муносабат билдирган, фильмда воқеалар бирёқлама ёритилганидан огоҳлантирган эди...

Дилшод Нуруллоҳ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг