Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолаётганди

Авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолаётганди

Фото: «Loukoster.com»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши давлат органларида эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, шу жумладан, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасини янги босқичга кўтарди.

Бироқ аҳоли билан мулоқотлар, жойлардаги ўрганишлар, тармоққа оид қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили «UZBEKISTAN AIRWAYS» акциядорлик жамиятига қарашли авиакассалар фаолиятида, айниқса, авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, «O’zbekiston havo yo’llari» авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўриқноманинг эскиргани, ундаги тегишли нормаларнинг такомиллаштирилмагани фуқаролар учун ўринсиз, мантиқсиз тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Мазкур Йўриқноманинг 3.1 бандига мувофиқ, агар фуқароларимиз «UZBEKISTAN AIRWAYS»га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлишса, улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда. Акс ҳолда фуқароларга авиачипта сотилмаяпти. Оқибатда бу ҳолат, айниқса, яқинлари бошқа вилоятларда яшаётганлар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда ва йўловчиларнинг ҳақли эътирозлари кундан-кунга кўпаймоқда.

Бироқ «UZBEKISTAN AIRWAYS» акциядорлик жамиятининг «uzairways.online» сайти орқали онлайн тарзда фуқаролик паспортининг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда авиачиптани қонуний асосларда сотиб олиш имконияти мавжуд.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда мамлакатимиз аҳолисини ортиқча ва сунъий тўсиқлардан, сансалорликдан халос қилиш, шунингдек, авиачипталар савдосидаги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурханов «UZBEKISTAN AIRWAYS» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б. И.Махкамовга сенатор сўрови юборди.

Унда «O’zbekiston havo yo’llari» авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўриқномага авиачипталар сотиб олиш бўйича белгиланган талабларни соддалаштиришга қаратилган тегишли ўзгартишлар киритиш чораларини кўриш ва натижаси юзасидан маълумотлар тақдим этиш сўралган, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг