Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Авиа ва темир йўл йўловчиларига қўйилган талаблар эълон қилинди

Авиа ва темир йўл йўловчиларига қўйилган талаблар эълон қилинди

Фото: Xabar.uz

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби ҳақида маълумот берилди.

Мазкур тартибга мувофиқ йўловчиларга қуйидаги талаблар қўйилади:

  • Рейсларга чиқиш истагида бўлган йўловчилар коронавирус инфекциясига тест топшириши лозим.
  • Бунда Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси «манфий» эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлган йўловчилар рейсларга қўйилади.
  • Барча йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудига киришдан олдин тана ҳарорати ўлчанади.
  • Тана ҳарорати 37 Сдан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор ёрдамида зарарсизлантирилади ҳамда ҳаво ва темир йўл транспортларига бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда киритилади.
  • Тана ҳарорати 37 Сдан юқори бўлган йўловчиларга авиа ва темир йўл хизматларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.
  • Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули белгиланган тартибда қайтариб берилади.
  • Йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт.
  • Аэропорт ва темир йўл вокзалларида умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шаҳобчаларининг фаолият юритишига йўл қўйилмайди. Йўловчилар савдо автоматларидан фойдаланишлари мумкин.
  • Йўловчилар ҳаво кемаларига ва темир йўл вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.
  • Авиа ва темир йўл қатновларига электрон чипталар онлайн тарзда сотилади.

Самолёт ва поездда ҳаракатланувчи йўловчилар мазкур тартиб-қоидаларига риоя этишлари талаб этилади:

  • Йўловчиларнинг парвоз вақтида ҳаво кемаси салонида ҳаракатланишлари тақиқланади; (ҳожатхонадан фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно).
  • Парвоз вақтида озиқ-овқат маҳсулотлари, турли хил журнал ва газеталар тарқатилмайди; (авария ҳолатидаги ҳаракат йўриқномаси бундан мустасно).
  • Парвоз вақтида йўловчиларга фақатгина 250 мл ҳажмдаги қадоқланган ичимлик сувлари берилади.
  • Йўловчиларга поезд вагонларида ўзларига тақдим этилган бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларини ечишларига рухсат берилмайди; (йўловчиларнинг сув ичиш ҳолатлари бундан мустасно).
  • Йўловчиларнинг вагонлар бўйлаб ҳаракатланишлари тақиқланади; (ҳожатхонадан фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно).
  • Вагонларнинг ҳожатхона ҳамда тамбурларида йўловчиларнинг тўпланишларига йўл қўйилмайди.
  • Йўловчилар учун ҳожатхоналар санитария ва гигиена тозаловчи воситалари, антисептик воситалари билан тўлиқ таъминланади.

Мазкур Вақтинчалик тартиб талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг