Араб шайхи Андижонда. Шаҳардаги «Наврўз» стадиони ўрнида меҳмонхона қурилади
Жорий йилнинг 11-12 июнь кунлари Саудия Арабистони Қироллигининг «Аjlan&Bros. Group» компаниясининг раҳбари Шайх Ал-Муҳаммад Абдулазиз Ал-Ажлан бошчилигидаги 26 нафар делегация Андижон вилоятига ташриф буюрди.
Шайх Ал-Муҳаммад Абдулазиз Ал-Ажлан бошчилигидаги делегация Андижон халқаро аэропортида вилоят ҳокимининг ўрибосари С.Ҳабибуллаев ҳамда бир қатор вилоят мутасаддилари томонидан кутиб олинди. Бу ҳақда «Андижоннома» онлайн нашри хабар берди.
Вилоят ҳокимлиги биносида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Х.Эгамбердиев ҳамда шайх бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳамда Андижон вилояти ва «Ajlan&Bros. Group» компанияси ўртасида текстил ҳамда туризм (меҳмонхона хизмати) соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашув давомида меҳмонлар Андижон вилоятининг инвестицион салоҳияти тўғрисидаги тақдимот ва ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар таклифлари билан таништирилди.
Ташрифнинг иккинчи кунида «Боғишамол» меҳмонхонасининг конференциялар залида вилоят ҳокимлиги, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда «Ajlan&Bros. Group» компанияси вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилиб, унда меҳмонлар томонидан кўтарилган масалалар (солиқ, божхона, электр энергияси, газ, сув) атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувдан сўнг делегация меҳмонхона ташкил этиш учун таклиф этилган Андижон шаҳридаги собиқ «Наврўз» ўйингоҳи ва қурилиши тугалланмаган «Сарбон» меҳмонхоналари билан таништирилди.
Шайх бошчилигидаги делегацияга Жалақудуқ туманидаги завод қурилиши ва пахта етиштириш учун таклиф қилинган жойлар билан таништирилди. Шу билан бирга меҳмонлар Хўжаобод туманидаги «Файз М» ва «Нил Гранит» корхоналирига ташриф буюриб, уларга корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти яқиндан таништирилди.
Тушликдан сўнг Асака туманидаги «Сабо ҳамкор» МЧЖ томонидан мева-сабзавотлар етиштириш бўйича гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхоналар билан ҳам танишилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter