Ақл заифлашишига олиб келувчи фаолият аниқланди
Экспертлар хулосаси россиялик академик Бехтерев баёнотини қисман тасдиқлади.
Даниянинг Копенгаген университети (University of Copenhagen) олимлари ўтган аср охиридан то ҳозирги кунга қадар тўрт мингдан зиёд эркакларнинг тиббиёт тарихи ва турмуш тарзини ўрганиб, уларнинг иш фаолияти билан кейинги деменция (ақл заифлашиши) ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказдилар.
Ақли заифлик жумбоқлари
Деменциянинг ёшга боғлиқ сабаблари ҳали аниқ эмас. Энди шифокорлар бу соҳада кўплаб тадқиқотлар олиб бориш билан бирга хасталикка хос жумбоқни ечишга ҳам ҳаракат қилишмоқда. Масалан, доктор Aлександр Мясников фикрига кўра, турли касалликлар ёшга боғлиқ ақлий заифликни қўзғатувчи омиллардан бири бўлиши мумкин. Инглиз олимлари эса, аксинча, бу ижтимоий касаллик эканини ва инсоннинг ижтимоий изоляцияси деменцияга олиб келишини таъкидлашади.
Мутахассислар, шунингдек, ёмон овқатланиш, касалликлар ва ижтимоий изоляцияни ҳам деменция сабабчиси деб билишади.
Яна бир гуруҳ олимлар талқинича, нотўғри овқатланиш тана ва миянинг эрта қаришига олиб келиши мумкин.
Рус академиги Бехтерев эса ҳаммаси мияга тушадиган юкламага боғлиқ деган: агар мия доимий ишласа, деменция унга таҳдид солмайди. Маълумотлар ва фикрлар номувофиқлиги туфайли бу каби тадқиқотлар катта талабга эга. Даниялик саккиз нафар олимдан иборат гуруҳ одамлар машғулотини уларнинг кейинги ақлий саломатлиги билан таққослаш учун махсус грантни (Мамлакат иш муҳитини тадқиқ қилиш жамғармасининг) қўлга киритишди. Улар ўз тадқиқотларини Medicine & Science in Sports журналида чоп этишди.
Кўнгил иши ёки бир бурда нон учун
Олимлар жисмоний фаолиятнинг икки турини асос қилиб олишди: ҳар бир инсон бўш вақтида кўп шуғулланадиган машғулот – спорт, балиқ овлаш, саёҳат қилиш, эрталаб ва кечқурун югуриш ва бошқалар. Иккинчиси – одам ҳар куни профессионал тарзда ёки зарурат юзасидан бажарадиган жисмоний меҳнат: оғир юмушлар, шахсий томорқада ишлаш ва ҳоказо.
Маълум бўлишича, биринчи машғулот, жумладан, кўнгилли тарзда спорт билан шуғулланиш нафақат танага фойда келтиради, ҳатто жиддий тушкун ҳолатда ҳам, деменция хавфини камайтиради. Оғир жисмоний меҳнат, аксинча, ички аъзоларнинг зарарланишига олиб келади ва бу охир-оқибат, мияга ҳам салбий таъсир кўрсатади. “Хўш, бу қандай содир бўлади. Буни англаб етишимиз учун ҳали ишлашимиз керак. Касбий жисмоний фаолият ва деменция бўйича кўпроқ тадқиқотлар ўтказиш лозим, – дейди ўз ишларини изоҳлаб тадқиқотчилар. – Лекин энг асосийси, жисмоний меҳнат тури билан деменция ривожланиши ўртасида боғлиқлик бор”.
Олимлар фикрига кўра, кўп йиллик давомли оғир меҳнат ақли заифлик ривожланишига олиб келади.
Бехтерев ҳақ эдими?
Данияликлар хулосаси билвосита рус академиги Бехтерев назариясини тасдиқлади. Зеро, ҳар куни оғир жисмоний меҳнат қилаётган аксарият одамлар чет тилларини ўрганиш, шахмат жумбоқларини ишлаб чиқиш, китоб ва мақола ёзиш ёки лабораторияда қандайдир тажрибалар ўтказиш каби жиддий вазифалар билан шуғулланадиганларга нисбатан миясини жуда кам ишлатишади. Улар кунлик оғир меҳнатдан сўнг дам олиш учун телевизор қаршисига, дўстлари ёнига ёки оиласи бағрига шошишади. Ва ҳафта охири фаол дам олиш учун қолади: кимдир дала ҳовлига, кимдир эса балиқ овига ошиқади.
Мутолаа, янги маълумотларни ўрганиш, шахмат ўйнаш каби машғулотлар мияни деменциядан ҳимоя қилиши мумкин.
Шу тариқа Копенгаген университети тадқиқотчилари оғир меҳнат деменциянинг ривожланиши хавфини 55 фоизга оширади, деган хулосага келишди. Олимлар фикрича, ушбу натижалар иш берувчилар эътиборини оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи ходимлар орасида деменциянинг олдини олиш масаласига қаратиши керак.
Усмонжон Йўлдошев тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter