Дуо қилайлик! Анвар қори Турсунов 19 кундан бери кома ҳолатида ётибди
Тошкент шаҳар ва «Минор» масжиди бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов микроинсультни бошдан кечиргани ҳақида хабар берган эдик. Анвар қори операция қилинган эди.
Шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Анвар қори Турсунов комада эканини ва унинг соғлиги учун дуо қилишни сўраган.
«Мана ўн тўққиз кунки, улуғ устозимиз, замонамизнинг алломаи кироми, донишманд инсон Анвар қори Турсун ўзларига келолмай, кома ҳолатида ётибдилар. Жума намозида дуо қилинглар азизлар! Анвар ака ҳалол, покиза, тўғрисўз ва ҳамиша, ҳаммавақт ҳаммага яхшилик қилиш пайида яшайдиган, кечаю кундуз элимизни, миллатимизни дуо қилиб чарчамайдиган, илми урфон тарқатишни ўз ҳаётининг мазмуни деб биладиган, ҳаётининг бош мақсади ислом аҳкомларини кенг ёйиш, кишиларни Қуръон ва ҳадис нурлари билан зиёлантириш, Қуръон асосида яшашни олий мартаба деб билган ва Ер юзида бугун истиқомат қилаётган энг улкан уламолардан биттасидир.
Мен қарийб ўттиз йилдан буён у кишининг ёнларида юриб юқорида айтган сўзларимга минг бор иқрор бўлганман. Мен учун, Анвар ака дўстим десам, дўстимдан аъло, ака десам, акамдан аъло, устоз десам, устоздан аъло инсондир. Анвар ака мусулмон бандаси борки, ҳамиша ҳаммасига чексиз эҳтиром кўрсатадиган, қалби меҳру муҳаббатга тўлиқ меҳридарё инсондир.
Азизлар, муҳтарам устозимизни дуо қилишингизни ўтиниб сўраб қоламан! Биз йиллар давомида Анвар аканинг илму зиёсига муҳтож эдик, бугун у зот сизнинг дуоингизга муҳтож, зора Сизнинг дуоингиз сабаб Оллоҳ таоло шифои комил ато этса, ажаб эмас. Зеро, ёмғир билан Ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар! Оллоҳим, устозимизга соғлик саломатлик ато эт, Ўзинг буюксан, Ўзинг қудратли Парвардигорсан Оллоҳим!», деб ёзади шоир.
Маълум бўлишича, Анвар қори Турсунов ҳозиргача сунъий комада сақлаб келинган. Таҳририятимиз номидан у кишининг тезроқ соғайиб кетишини сўраб қоламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter