Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Антиқа! Янгийўллик аёл тошларга «жон» киритмоқда (видео)

«Мен табиатдан гўзаллик ахтараман. Ёшлигимдан ҳовлимда турналарнинг, лайлакларнинг юришини истардим. Қуён йилида туғилган бўлсам-да олмахонни яхши кўрганим учун мучалим олмахон, деб ҳазил қилардим. Ҳайвонларни ҳовлимга киритишнинг йўлини топдим. Олти ой бўлди тошлардан ҳар хил образларни ясаяпман. Цементдан бир ярим метр қанотли бургут ясадим, ҳовлимда турна, лайлак, тошбақа, товус қушигача бор...»

Бугунги қаҳрамонимиз Феруза Бариева Янгийўлда яшайди. Уч фарзанднинг онаси. Оддийгина тошчаларни териб картина ясашни бошлаган Феруза бугун одам бўйи баравар, одамдан иккита келадиган мултфилм қаҳрамонлари ва қуш, ҳайвонларнинг образларини яратмоқда.

– Биласизми, авваллари кўчадаги тошларнинг рангига, йўл-йўл чизиқларига роса қизиқардим, менга табиатнинг мўъжизасидек кўринарди. Шунақа тошларни йиғиб охири картинка қилдим. Кейин интернет орқали цементдан, тошдан ясалган ижод намуналари кўриб қандай маҳсулотлар кераклигини ўргандим.

Бугун Ферузанинг ясаган мултфилм қаҳрамонлари боғчалардан жой олмоқда.

– Гарчи тошдан нарса ясаётган бўлсам-да уларнинг характерини очиб бергим келади, – дейди Феруза, – қаранг қизил тўти қарироқ, кўк тўти ёшроқ, манави бургутнинг ҳатто қарашлари, қовоқлариям менинг эътиборимдан четда қолмаслиги керак. Манави эр-хотин қурбақалар байрамга кетаяпти. Қўлида гул ва яна сумкачаси бор. Буни кўрган одамларнинг лабига кулгу югуришини истайман.

Дарвоқе, у бизга чиройли тустовуқнинг патларини, қанотларини ясаш учун симни қандай қайириш лозимлигини, қуламасдан мустаҳкам туриши учун қандай темир ишлатиш керак, барчасини эринмай тушунтиради. Ва турмуш ўртоғининг чексиз ёрдамини, ундан миннатдор эканлигини тез-тез таъкидлайди.

– Атрофингдаги одамларни қўллови, сен шуни албатта қила оласан, деб ишонч билдиргани менга катта мотивация. Мана бу ташқарида турган қушлар ва жонзотларнинг бўёғи синов учун турибди, ҳозирча ҳеч нарса таъсир қилгани йўқ, – дея изоҳ беради Феруза. – Мақсадим буларни ясашдан бизнес қилиш эмас эди, лекин кўрган, хабар топган борки буюртма бера бошлашди. Ҳар доим хорижликларнинг яратувчанлигига ва уларнинг иши қадрланишига ҳавасим келади. Ва англадимки ҳар бир инсон яратувчи, ижодкор. Агар ўзининг ичидаги хоҳишини тўғри топса, бу унга завқ бағишлайди. Келажак авлодга ўзимдан нимадир қолишини истайман. Фарзандларимга яратувчи она эканлигимни исботлагим келади. Фарзандлар ҳам сиздан ўрнак олади. Онам қила олди, демак мен ҳам қила оламан, деган ишонч пайдо бўлади уларда...

Биз Феруза билан зўрға хайрлашдик. Чунки у ўзининг яратган асарлари ҳақида айтадиган гаплари жуда кўп, бизнинг эса эшитган сайин эшитгимиз келарди...

Муаллиф Барно Султонова,

Оператор Акмал Қудратов,

Монтажчи Шерзод Қаюмов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг