Антимонопол қўмита «аравакашлар масаласи»да расмий муносабат билдирди
Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Антимонополчилар Тошкент бозорларидаги аравакашлар фаолиятини тартибга солмоқчи» мазмунидаги постлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилди.
«Тарқалган видеотасвирдаги ҳолат Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг жорий йил 7 март кунидаги 58-сессиясида бўлиб ўтган.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг депутатларидан бири жорий йил 25 февраль куни Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг 57-сессиясида Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига Тошкент шаҳри бозорларидаги арава хизматлари ва кўрсатилган хизмат учун хақ олиш юзасидан масалани ўрганиш топширилган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ж.Туробов мазкур масалани ўрганиб, тасвирларда кўрсатилганидек ҳисобот берган.
Бундан ташқари бозорларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида бозорлар маъмуриятлари томонидан араваларни ижарага бериш вазифаларини такомиллаштириш юзасидан у ўз фикрларини билдирган.
Маълумот ўрнида, Республикамиз бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш ва хизматлар кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш» қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур қоидага мувофиқ бозорни бошқариш бозор маъмурияти томонидан амалга оширилади, унга ушбу Қоидалар ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш учун жавобгарлик юкланган.
Қўмита томонидан аравакашлар фаолиятини тартибга солиш ва ўрганиш ўтказиш режалаштирилмаган», дейилади расмий муносабатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter