Андижондаги ягона аёл ҳоким янги иситиш тизими синовдан ўтказилаётганини маълум қилди

Бўстон туман ҳокими Садбархон Мамитова 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича халққа ҳисобот берди. Ҳисоботдан сўнг депутатлар тумандаги бир қатор муаммоли жиҳатлар бўйича ҳокимни саволга тутди.
Электр тизими
Депутатлар томонидан маълум қилинишича, Бўстон туманида жорий йилда 5 та янги трансформатор ўрнатилган ва 20 таси таъмирланган. Аммо шунга қарамай электр энергияси тизимида узилишлар кузатилмоқда. Депутатларнинг саволи қуйидагича бўлди: куз-қиш мавсуми олдидан қилинган ишлар етарли бўлдими?
«Аҳолига электр етказишда муаммолар ҳал қилинган, деб айта олмайман. Маҳаллаларда аҳоли кўпайиб, истеъмол ошиб кетгани учун муаммолар юзага келмоқда. Илгари битта хонадонда фақат чироқ билан битта телевизор учун электр сарфланарди. Икки-уч хонадоннинг биттасида совуткич бўларди. Ҳозир эса Худога шукр, деярли ҳар бир уйда кондиционер бор. Ҳар бир хонага алоҳида телевизор ўрнатилган уйлар бор. Яна бошқа электр ускуналарини инобатга олиш керак. Истеъмол ошиб кетгани сабабли 2021 йилда трансформаторлар қайта кўриб чиқилади ва янгиларини ўрнатиш дастури бўйича вилоят электр бошқармасига тақдим этилади», — дея айтиб ўтди Садбархон Мамитова.
Спорт
Туманда бир қатор сунъий майдонлар қурилганига қарамасдан марказий ўйингоҳ таъмирталаб ҳолатда бўлиб турибди. Бўстон туман ҳокимининг маълум қилишича, стадион тўлиқ таъмирдан чиқарилади.
«Ўйингоҳни таъмирлаш учун 6,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Мен ҳоким бўлиб тайинланганимдаёқ ёшлар томонидан ушбу масала кўтарилган эди. Биз нафақат футбол майдони, балки бутун спорт комплексини таъмирлаймиз. Туманда замонавий спорт зали бўлади ва фуқароларимиз бемалол спорт билан шуғулланиши мумкин».
Янги иситиш тизими
БЎстон туманида намуна сифатида янги замонавий иссиқлик тизими синовдан ўтказилмоқда. Туркия технологияси асосида ўрнатилган янги иссиқлик тизими қандай самара бермоқда? Ҳоким шу саволга жавоб қайтарди:
«Ҳар бир ишни ўз эгаси қилиши лозим. Кластерлар тизими бунга яққол мисол. Ўтган йили битта боғча ва тиббиёт муассасасини Туркияда ишлаб чиқарилган тизим билан иситган эдик. Бу тажриба яхши самара берди. Шундан сўнг ижтимоий соҳа объектларини тўлиқ таъминлашга қарор қилдик. Ҳозирда тизим туманда синов тариқасида ишлаб турибди.
Иситиш тизимини ўрнатаётган пудратчига келадиган бўлсак, унга ҳеч ким буюртмани шунчаки бериб қўйгани йўқ. Биз барча ижобий ва салбий жиҳатларни таҳлил қилиб чиқдик. Туман шу вақтга қадар ижтимоий соҳа объектларини иситиш учун куз-қиш мавсумида 4 миллиард сўмдан ортиқ сарфлаган. Бу ҳаражатларга кўмир, маош ва бошқа жиҳатлар киради. Ҳаммаси ҳисоб-китоб қилингандан сўнг янгича тизим 3 миллиард 100 миллион сўм сарфлаши аниқланди. Шу тариқа 1 миллиард 200 миллион сўм тежаб қолинмоқда.
Яна бир жиҳатни унутмаслик лозим — ҳар бир мактаб ёки боғчада омборчи бор, кўмирни олиб келувчи ва ўт ёқувчи бўлади. Ижтимоий соҳа объекти давлатники бўлгандан сўнг талон-тарож ҳолатлари ҳам рўй бериши мумкин. Шундай эмасми? Янги тизимда эса иситиш тизими тўлиғича кластерга топширилади. Шу тариқа талон-тарож ҳолатларига чек қўйилади.
Бундан ташқари Туркиядан келтирилган котёлларга 16 йиллик кафолат бериляпти. Ўзимизда ишлаб чиқарилгани эса нари борса бир йилга кафолат беради. Фарқи борми? Шунинг учун ҳам иситиш тизимини Бўстон туманида намуна тариқасида тажрибадан ўтказишни ўзимиз истадик. Ҳозир 14 та мактаб ва тиббиёт муассасалари иситиляпти. Муаммо йўқ, фарзандларимиз мактабда палто кийиб ўтирмасдан, бемалол дарс оляпти. Яна бир жиҳат — янги иситиш тизими биринчи навбатда электр таъминотида муаммо бўлган ҳудудларга ўрнатилди», — дея таъкидлаб ўтди Садбархон Мамитова.
Туман ҳокимининг чиқишидан сўнг Бўстон туманидаги МТТ раҳбари Мавлуда Собирова иситиш тизими ҳақида фикр билдирди.
— Мактабгача таълим муассасалари карантиндан сўнг ноябр ойида қайта очилди. Дастлаб ота-оналар фарзандини боғчага беришни хоҳламади. Аммо муассасаларимиз яхши иситилгани туфайли кейин уларнинг ўзлари боласини олиб келишни бошлади. Ҳозирда Бўстон туманида боғча ёшидаги болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 88 фоизга етган. Бу борада иситиш тизими яхши йўлга қўйилгани катта таъсир кўрсатди...
Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқишлар қилмоқда. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали ушбу мурожаатларда кўрсатилган ишлар кўламини ўрганишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter