Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алишер Шодмонов коронавирус эпидемияси ҳақида: «Эҳтиёт чораларини кўришимиз лозим»

Алишер Шодмонов коронавирус эпидемияси ҳақида: «Эҳтиёт чораларини кўришимиз лозим»

Фото: Youtube

Соғлиқни сақлаш вазири коронавирус сабаб Ўзбекистонда виза чеклови ўрнатилиши керакми, деган саволга жавоб берди.

Янги турдаги коронавируснинг тарқалиши натижасида кўплаб давлатлар эҳтиёт чораларини кўришни бошлаган. Эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Мўғулистон ва Малайзия Хитой билан чегарасини ёпди. Яна қатор давлатлар Хитой фуқароларига нисбатан виза чекловларини жорий этди. Хўш, Ўзбекистон бундай вазиятда қандай йўл тутади? Биз ҳам чегараларни ёпишимиз керакми? Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мазкур саволга жавоб берди:

– Мазкур коронавирусга қарши кураш доирасида биз нафақат Хитойдан келувчилар, балки барча йўналишлардан давлатимиз ҳудудига кириб келувчи йўловчиларни қатъий назоратдан ўтказаяпмиз. Чегара пунктлари тепловизорлар билан жиҳозланган, вирус ташиши мумкин бўлган маҳсулотлар жиддий текширувдан ўтказилади. Айнан вирус тарқалгани қайд этилган ҳудудлардан ташриф буюрувчилар ва касалликнинг ҳар қандай белгиси кузатилган фуқаролар алоҳида назоратга олинади. Юқумли касалликлар шифохоналарида ҳудудга кўра алоҳида ўринларни шай ҳолда тайёрлаб қўйганмиз, зарур дори-дармон захиралари яратилган.

Энди чегарани ёпиш масаласига келсак, бу чорани қўллаш вазирлигимиз ваколатида эмас. Аммо бу борада ўз фикримни айтадиган бўлсам, айни пайтда, яъни 30 январь ҳолатида мамлакатимиз ҳудудида бундай касалликка чалиниш ҳолати бирорта ҳам кузатилмаганлигига қарамасдан эҳтиёт чораларини кўришимиз лозим. Шахсан ўзим юртимиз фуқароларининг Хитойга боришини чеклаш билан бир қаторда, хитойликлар ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг ушбу мамлакатдан юртимизга кириб келишини вақтинчалик чеклаш тарафдориман. Чунки, ушбу вируснинг ҳаво-томчи йўли билан ўтиши, одамдан одамга юқиши, бундан ташқари, касаллик белгиларининг яширин даври 14 кун давом этиши касаллик тарқалиш хавфини кескин оширади.

Қолаверса, ҳатто тиббиёти ривожланган АҚШ, қатор Европа давлатлари, Осиёнинг тараққий этган мамлакатларида ҳам бу касаллик кузатилаётганлиги вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб турибди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг