«Бу кучлар ўзбек бўлиб, ўзимизни бўғишга ҳаракат қиладилар» — Алишер Қодиров «хайп»ларга изоҳ берди
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров ўз наздида «хайп» қилинаётган учта мавзу бўйича қисқа изоҳ берди.
Ўқитувчиларнинг маоши...
Ўқитувчилик энг қиммат касб бўлиши керак. Бунга фақат рақобат билан эришиш мумкин. Рақобат савияли ва савиясиз ўқитувчини кўрсатиб беради. Авваламбор, энг қобилиятлиларни танлаш учун абитуриентлардан ижодий ва психологик тестлар олиниши зарур.
Савияли ўқитувчи кўп маош олсин, савиясизи ўқитувчиликдан кетсин. Педагогикада тасодифий одамларнинг ишлаши мураккаб операцияни тасодифий одам амалга ошириши билан бир хил. Фарқи, медицинада инсон, педагогикада авлод бой берилади.
Тарбия ва таълимда йўл қўйилган хатоларни тузатиб бўлмайди. Бугун ўқитувчининг барча тоифасига маош оширилаётгани учун етарли миқдорда мактаб қурилмаяпти. 4 йилда 134 та мактаб қурилган, холос. Бир синфга ўртача 45 тагача бола тўғри келмоқда. Бунақа синфлар ва тасодиф ўқитувчилар билан янги авлод бой берилади.
Совет иттифоқи ҳимоячиларига...
СССР миллатимиз учун йўқотилган давр. Бу давр руҳимизни ва қадримизни синдириб, эътиқодсизлик, кўзбўямачилик ва ёлғончилик, бировнинг ҳақидан қўрқмасликка ўргатди.
Кўриниб турибдики, ҳали орамизда руҳи синиқлар кўп. Янги авлодни бу жароҳатдан даволаш учун курашамиз. Қарши бўлган жиддий кучлар бор. Хабардор бўлинг, бу кучлар ўзбек бўлиб, ўзбек тилида ўзимизни бўғишга ҳаракат қиладилар.
Автомашина ҳам қиммат, харид қобилиятимиз ҳам паст...
Қарзга тўй қилиб обрў талашаётган одам, бу кўзбўямачиликдан бойроқ бўлиб қолмаслигини тушунмаганидек, мамлакатимизда харид қобилиятининг пастлиги автомашина сотиб олишга халақит бераётган асосий муаммо эканлигини ҳам тушуна олмайди, албатта.
Мен автомашинани қиммат эмас демадим, халқимизнинг харид қилиш қобилиятини паст дедим. 300 доллар маош оладиган фуқарога 17 минг долларлик автомашина нархини 15 минг долларга пасайтирдинг нимаю, пасайтирмадинг нима? Бошидан бошлаб «Ўзавтомоторс» мавқеини ҳимоя қилиш эмас, рақобатбардошлигини шакллантириш тарафдори бўлганман, ҳозир ҳам шундай.
Пулни тушунадиганларнинг айтишича, автомашинага сармоя энг самарасиз сармоядир. Сармоянинг энг самаралиси таълимга йўналтирилади. Қачон одамлар хорижда таълим олиш учун пул етмаётганлигидан хафа бўлишни бошласа, бехавотир ривожланаётганлигимиз ҳақида гапиришимиз мумкин бўлади, деб ёзади Алишер Қодиров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter