Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анъана давом этади. АКТ вазири соҳа нашридан хабар олди

Анъана давом этади. АКТ вазири соҳа нашридан хабар олди

Фото: «Xabar.uz»

Эртага, 21 март куни «Xabar» газетасининг илк сони чиққан кун. Таҳририят жамоаси учун қўшалоқ байрам. Бундан 29 йил олдин республика босма нашрлари қаторига «Xabar» ҳам қўшилганди. Ўшандан буён газета ахборот технологиялари соҳасини ёритиб келмоқда.

Газета соҳа ходимларининг яқин дўстига айлангани ҳам бор гап. Соҳа ҳақида ёзиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашган талаба раҳбарлар назарига тушиб, ишга қабул қилингани ҳам, самарқандлик оғир дардга чалинган бемор қизга ёрдам керак, деган мақола эълон қилинганда андижонлик шифокор ўз ташаббуси билан шу бемор қизнинг даволагани ҳам бор гап. Таҳририятда журналист сифатида шаклланиб, ўз ўрнини топганлар ҳам бисёр. Хуллас, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига ихтисослашган ижодкорлар учун «Xabar» алоҳида мактаб бўлгани айни ҳақиқат.

Ходимлар ҳар Наврўз байрами арафасида газета дунё юзини кўрган кунга алоҳида тайёргарлик кўришади. Содиқ ўқувчилар ижодий жамоани қўнғироқ қилиб табриклашади, кимдир бир даста гул кўтариб келади, ва табиийки, бу ижодкорларни янада руҳлантириб юборади. Қўшалоқ байрамни нишонлашнинг гашти ҳам ўзгача бўлади.

Мана уч йилдирки, яна бир анъана шаклланди. Газета муассиси номидан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов «Xabar»чилар ҳолидан хабар олади. Бугун ҳам шундай бўлди. Вазир Наврўз айёми ҳамда газета ташкил топган кун билан таҳририят ходимларини табриклади, эзгу ниятлар билдирди. Ижодий режалар билан танишди, муаммоли масалалар бўлса, ечимига тайёрлигини билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг