Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги вазир ва ҳокимлар ишни қандай бошлашди?

Янги вазир ва ҳокимлар ишни қандай бошлашди?

Сўнгги ҳафталикда ҳукумат таркибида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Аввалига уч вазирлик ҳамда бир қўмитада раҳбарлар ўзгарган бўлса, сўнг икки вилоятда ҳоким янгиланди.

Янги раҳбарлар олдига янги вазифалар қўйилган. Хўш, улар ишни қандай бошлашди?

Беҳзод Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазири

Бош вазир ўринбосари лавозимида меҳнат қилиб келган Беҳзод Мусаев Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинлангандан кейин чиқарган биринчи буйруғи аввалги вазир қўллаган интизомий жазо чораларини олиб ташлаш ҳақида бўлди. Бу кўпчилик учун кутилмаган қарор бўлгани аниқ.

Сўнг унинг бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, 13 ноябрь тунда пойтахт шифохоналаридаги вазият ўрганилди. Тошкент шаҳрида болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида шошилинч йиғилиш ўтказилиб, ўша куннинг ўзида пойтахтдаги шифо масканларида 600 дан зиёд қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилди ҳамда она ва болаларга даволанишлари учун етарли шароитлар яратилди.

Мусаев ўзининг навбатдаги топшириғида тизимдаги барча муассаса раҳбарларига санитария қоидалари ва гигиена нормаларига амал қилинишини таъминлаш бўйича мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма берди.

Шерзод Шерматов, АКТ вазири

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинлангач, Шерзод Шерматов ўзининг илк постида давлатимиз раҳбари томонидан ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилганини маълум қилди ва шу куннинг ўзида вазирликда видеоселектор йиғилиши ўтказиб, тегишли топшириқларни берди.

Кун давомида Шерзод Шерматов пойтахтимиздаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига бориб, у ерда янги қурилаётган замонавий мажмуа қурилишларнинг бугунги ҳолати билан яқиндан танишди.

Шунингдек, IT-паркнинг истиқболдаги режалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

АКТ вазири Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида ҳам бўлиб, Марказ фаолияти ва ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди ҳамда марказнинг яқин истиқболга режалаштирилган «Аҳолининг электрон давлат реестри» ахборот тизими лойиҳасига юқори баҳо берди. Ушбу лойиҳа амалга ошса, жуда кўп муаммоларга ечим топилишини таъкидлади.

Бахтиёр Саидов, Халқ таълими вазири

Ўзбекистон Республикасини ХХР фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Саидов Халқ таълими вазири этиб тайинлангач, ўзининг илк ишчи ташрифини Республика таълим маркази ҳамда А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишишдан бошлади.

«Янги авлод дарсликларини тайёрлаш жараёнини янада тезлаштиришимиз лозим, сабаби дарсликларнинг кечикиши жамият ривожланишининг кечикиши дегани», — дея таъкидлади вазир.

Вазир дарсликлардаги инновациялардан қишлоқларда фойдаланиш масаласини кўтариб, уларни чекка ҳудудларга етиб боришини ҳам таъминлашга алоҳида эътибор бериш лозимлигини қайд этди.

Тошкент ва Қашқадарё ҳокимлари

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ишни Зангиота мажмуасини зиёрат қилишдан бошлаган бўлса, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Қарши туманидаги Абу Муин Насафий зиёратида бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг