Акмал Саидов: «Eвропада, Америкада, Африкада минтақавий ҳимоя бор, фақатгина Осиёда йўқ»
Самарқанддаги «Форумлар мажмуаси»да «Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик» мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 22 ноябрь куни иш бошлаган Осиё Форумининг очилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига табриги» ўқиб эшиттирилди.
Форум иши Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мероси – универсаллик ва инсон ҳуқуқлари; Инсон ҳуқуқлари – Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш асоси сифатида; Инсон ҳуқуқлари соҳаси таълими: инновациялар ва янги даъватлар; Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, ҳимоя этилиши ҳамда уларга риоя қилинишини таъминлаш масалаларида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги сессияларида олиб борилмоқда.
Самарқанд шаҳридан Каримберди Тўрамурод Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовдан «Xabar.uz» учун махсус интервью уюштирди.
– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан буён ўтган 70 йил ичида инсон ҳуқуқларига бағишланган бундай нуфузга эга халқаро анжуман илк бор Осиё қитъасида – Ўзбекистонда, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ташкил этилиши бизга катта фахр, ғурур бағишлайди.
– Тўғри таъкидладингиз, шундай катта анжуманнинг 70 йил ичида Осиё қитъасида биринчи марта ўтказилиши, яна бизнинг Ўзбекистонимизда, хорижлик меҳмонлар назарида афсоналар, эртаклар шаҳри бўлган қадимий Самарқандда ўтишининг ўзи жуда катта гап. Нега Самарқанд танланди? Самарқанд – миллатлар, динлар, тиллар, маданиятлар бирлашган шаҳар. Қаерда ана шундай бағрикенглик бўлса, ўша ерда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинган, деб ҳисобланади. Дунёни кўриб турибсиз, миллатлараро, динлараро зиддиятлар дунёни зир титратмоқда. Самарқандда эса, барча миллатлар, турли дин вакиллар аҳилликда, иноқликда, бағрикенглик билан яшамоқда.
– Нима учун бу анжуман Осиёда аввал ўтказилмаган?
– Осиё давлатлари ичида бирлик йўқ эди. Бизда ўтсин, деган ташаббус йўқ эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббус кўрсатиб, ана шундай муҳим анжуман Самарқандда ўтказилишини таклиф қилди ва халқаро ташкилот бу таклифни қўллаб-қувватлади.
– Бундай анжуман бизга нима беради?
– Жуда катта нарса беради. Аввало, Ўзбекистонимизга бутун дунё ҳамжимиятининг назари қаратилади. Қолаверса, бу анжуман Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширади. Мен бир нарсани истайман: Самарқандда ўтаётган анжуман жаҳоннинг инсон ҳуқуқлари амалиётига Самарқанд руҳини олиб кирсин! Ана шу нарса катта ютуғимиз бўларди. Европада, Америкада, Африкада минтақавий ҳимоя бор, фақатгина Осиёда йўқ. Президентимиз шу нарса учун ҳаракат қилмоқда.
Осиё форуми якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган. Ушбу якуний ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни янада самарали бажариш истиқболларига бағишланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter