Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади

Президент инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади

Бугун, 13 июн куни Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи форум бошланди. Унда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, ИҲТ, ШҲТ, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеясининг юқори даражали вакиллари, 200 нафардан ортиқ халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирок этмоқда.

Ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган ва бу гал «Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш» мавзусига бағишланган ушбу анжуман иштирокчиларига Президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Давлат раҳбари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш яхши анъана тусини олганини таъкидлаган.

Глобал иқлим ўзгариши оқибатида сайёрада юзага келган кескин экологик вазият Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айлангани, глобал миқёсда қашшоқлик билан боғлиқ муаммолар кўпайиб бораётгани, инсоннинг соғлик, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш хавф остида қолаётгани қайд этилган. Иқлим ўзгариши оқибатида инсон ҳуқуқларига етказиладиган зарарни кескин камайтириш учун жаҳон мамлакатлари биргаликда самарали чоралар кўриши кераклиги кўрсатиб ўтилган.

«Экологик инқироз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айланди, глобал миқёсда қашшоқлик билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда, инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш хавф остида қолмоқда. Бундан аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, аёллар ва болалар жиддий азият чекмоқда», – дейди Президент.

Мурожаатда, шунингдек, иқлим ўзгариши муаммолари билан курашиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар қайд этилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги резолюциясини ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича Ўзбекистоннинг  ташаббуси қўллаб-қувватланишига ишонч билдирилган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг