Академик Турсунбой Рашидов вафот этди
Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги соҳасидаги атоқли олим, Фанлар академияси академиги Турсунбой Рашидов 2020 йил 7 октябрда 86 ёшида вафот этди.
Т.Рашидов 1934 йил 27 майда Тошкент шаҳрида туғилди.
1956 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, ушбу илмий даргоҳ аспирантурасида таҳсил олди. 1964 йилда номзодлик, 1972 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1984 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги этиб сайланган.
Истеъдодли олим ўзининг қарийб 65 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академиясининг М.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги институти лаборатория мудири, директори, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори, Фанлар академиясининг ҳайъат аъзоси, бош илмий котиби, академик-котиби, вице-президенти ва бошқа лавозимларда ишлаган.
Т.Рашидов Ўзбекистонда мураккаб тармоқли ер ости иншоотларининг сейсмодинамик назарияси асосчисидир.
Академик Т.Рашидов Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти совриндори, «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.
Xabar.uz марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter