Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Академикларга янги намунадаги гувоҳномалар топширилди

Академикларга янги намунадаги гувоҳномалар топширилди

Фото: «Xabar.uz»

Энди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари барча вазирлик ва идораларга ҳеч қандай тўсиқсиз кира оладилар.

Ҳозирги кунда Фанлар академиясининг 91 нафар академиги иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2018 йил 20 июль куни Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида ўтказилган мажлисда академиклар гувоҳномасининг янги намунасини ишлаб чиқиш ва бу гувоҳнома билан тегишли вазирликлар ва идораларга ҳеч қандай тўсиқларсиз киришларини таъминлаш юзасидан академикларнинг билдирган таклифлари давлатимиз раҳбари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланганди.

Президент топшириғига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан академикларнинг янги намунадаги гувоҳномаси ишлаб чиқилди.

Бугун, 14 август куни Фанлар академияси академикларининг янги намунадаги гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан тантанали равишда топширилди.

Тадбирда таъкидланганидек, академикларга янги намунадаги гувоҳноманинг топширилиши уларга республикамиздаги барча вазирликлар, идоралар, корхона ва ташкилотларга ҳеч қандай тўсиқларсиз киришини таъминлаш билан бирга, республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширилишида академикларнинг ролини кучайтириш, бунда раҳбарлар билан академикларнинг бевосита учрашуви ва амалий мулоқотини ташкил этиш имкониятини яратиб беради.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида академиклар томонидан республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва коллежларда ёшлар билан учрашувлар ўтказилди, олий ўқув юртларида профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун мастер-класслар ташкил этилди. Академиклар ушбу ташрифлар давомида ҳудудларнинг муаммоларини илмий ўргандилар ҳамда ўзларининг илмий мактаблари ҳудудий бўлимларини ташкил этдилар.

Фото: «Xabar.uz»

Ўтган ярим йил ичида 23 та докторлик ҳимояси амалга оширилди. Бешта монография ва 100 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар чоп этилди, академиклар 36та давлат илмий-техника дастурларида иштирок этмоқда.

Академиклар томонидан ўтган олти ой мобайнида муҳим илмий натижалар қайд этилди. Хусусан:

  • академик С.Баҳромов томонидан ноёб нано ўлчамли юпқа ярим ўтказгич хусусиятига эга сиртлар олинган бўлиб, улар қуёш энергияси панелларида фойдаланилмоқда;
  • академик Б.Ибрагимов томонидан ўсимликлар ўсишини стимулловчи ва антимикроб хусусиятларини намоён қилувчи янги кимёвий бирикмалар синфини олишнинг инновацион усули кашф этилди;
  • академик А.Саидов томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тарихи» китоби нашр этилди;
  • академик А.Ҳакимов томонидан машҳур рассом Чингиз Ахмаровнинг ҳаёти ва ижод йўлига бағишланган монографияси чоп этилди;
  • академик Р.Қурбонов томонидан Ўзбекистонда илк бор тўрт беморда инновацион «Лабиринт» ҳамда «ТАУ1» операциялари амалга оширилди;
  • академик Ф.Назиров томонидан Ўзбекистонда илк бор россиялик ҳамкасблари билан биргаликда беморга жигар қисмини кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди;
  • академик Б.Сулаймонов томонидан республикамиз ҳудудларида қишлок хўжалик экинларини зараркуранда ва касалликлардан ҳимоялаш мақсадида 56 та «Ўсимликлар клиникаси» ташкил этилди;
  • жами 24 та илмий-амалий конференциялар, 61та семинарлар ва 53та давра суҳбатлари ташкил этилди.
Фото: «Xabar.uz»

Очиқ мулоқот тусини олган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов академикларнинг фикр ва таклифларини тинглади. Иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилишда академиклар алоҳида ўрин тутиши таъкидлаб ўтилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг