Аҳоли муаммолари янгича принципда ҳал этилади
Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Фармонга мувофиқ, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла» принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинади. Мазкур тизимнинг асосий йўналиши муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳисобланади.
Жамоатчилик асосида фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи ҳамда фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилди.
Фармонга кўра «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этилади.
Фуқаролар йиғинлари раислари ҳар чоракда долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига тақдим этиб боради. Энг долзарб муаммолар секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналари томонидан тегишли дастурларда инобатга олиш учун тавсия этилади.
Фуқаролар йиғинлари органларида «замонавий менежмент» тизими жорий этилади. Фуқаролар йиғинлари, уларнинг ходимлари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter