Адвокатлар палатаси баёноти: «Интернет-баҳс-мунозара»га киришиш ниятида эмасмиз
Адвокатлар палатаси ўз аъзолари, яъни адвокатлар орасида аноним сўровнома ўтказиш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида, адвокатлар бундай аноним сўровномаларнинг натижалари ҳақида маълумот олишга ҳақлидирлар.
Шу мақсадда, Адвокатлар палатаси адвокатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатилишида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари юзасидан 2018 йил октябрь-ноябрь ойларида ўтказилган аноним сўровноманинг натижаларини жорий йилнинг 30 январь куни палатанинг расмий веб-сайти www.paruz.uz ҳамда «Advokat» ижтимоий-ҳуқуқий, илмий-оммабоп журналининг Advokatnews.uz сайти ва унинг телеграм каналида эълон қилди.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг декабрь ойида мазкур аноним сўровнома натижалари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди ва Ички ишлар вазирлигига ҳам тақдим этилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 30 январь куни 2012-2015 йиллар давомида адвокатлар, адвокат ёрдамчилари ва стажёрларнинг маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги ҳамда 2016-2018 йилларда адвокатларнинг жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам эълон қилинган.
Аноним сўровнома таҳлили натижаларига кўра, Адвокатлар палатаси адвокатлик фаолияти мустақиллиги ва эркинлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар дастури ва превентив чора-тадбирларни белгилаб олади.
Адвокатлар палатаси оммавий ахборот воситалари орқали «интернет-баҳс-мунозара»га киришиш ниятида эмас, негаки бундай услуб самарасиз бўлиб, ҳамкорликнинг бошқа самарали платформаларини қўллаш муҳим деб ҳисоблайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сонли Фармонининг 5-бандида белгиланган замонавий талаблар, адвокатура фаолиятининг кафолатларини амалда таъминлаш, адвокатлик тузилмалари ва адвокатларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўз ишини қайта йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш бўйича Адвокатлар палатасига юклатилган вазифалар ҳам айнан шундай ёндашувни назарда тутади.
Шу муносабат билан, Адвокатлар палатаси ташаббусига кўра, палата раҳбарияти ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов билан очиқлик ва конструктив руҳда учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ҳамкорликда ҳаракатлар олиб бориш, хусусан, Адвокатлар палатаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат органлари вакиллари иштирокида ишчи комиссияси тузиш ҳақида келишиб олинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О. Муродов адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни шахсан назорат қилишини билдирди. Шунингдек, адвокатлар фаолиятига аралашиш ёки бирон-бир тарзда тазйиқ ўтказиш ҳолатлари юзасидан бевосита Бош прокурорга мурожаат қилишлари мумкинлигини адвокатларнинг эътиборига етказишни сўради.
Ўз навбатида, адвокатлар уларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юзасидан бевосита Адвокатлар палатасига ҳам мурожаат қилишлари мумкинлиги билдирилади.
Ўзбекистон Адвокатлар палатаси
матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter