Адлия вазирлиги Тошкентдаги тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар ўтказди
Адлия вазири Р.Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан 2019 йил 30 октябрь куни тадбиркорлик субъектлари билан сайёр учрашувлар ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Ушбу тадбирлар Давлатимиз раҳбарининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган сайёр қабулда 200 дан ошиқ тадбиркорлик субъектлари ва чет эл инвесторлари иштирок этишди. Улардан 50 га яқин мурожаатлар келиб тушди.
Хусусан, ўтказилган учрашувда мурожаатчилар томонидан ер участкаси ва кредит ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бузилган иморатларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш, божхона ва солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор масалалар кўтарилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банкларининг фаолиятига бевосита тааллуқли бўлган айрим муаммолари жойида ҳал этилди.
Масалан, «Exim Serlen Hoque Corporation» МЧЖнинг ТИФ «Миллий банк» Мирзо Улуғбек филиали томонидан 600 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилмаётганлиги ҳамда «Technology Hadjar Export» МЧЖнинг 30 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаатлари Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси томонидан қисқа муддатда ҳал этилиши белгиланди.
Шунингдек, «Super Ardua» МЧЖга ажратилган ер майдонида қурилишларни амалга оширишда юзага келаётган муаммолари ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Шу билан бирга, Республика ишчи гуруҳининг жойларда ўтказилган учрашувлари давомида тадбиркорлик субъектлари ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.
Маълумот учун: Адлия вазири Р.Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг июнь ойидан буён 9 та ҳудудда ўтказилган сайёр қабуллар давомида 6 000 га яқин тадбиркорлардан 1 155 та мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг 93,5% ҳал этилди.
Тадбир ташкилотчиларининг таъкидлашича, мазкур учрашувлар республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter